Бу - барчанинг вазифаси
Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, бутун дунёда 21 миллиондан ортиқ киши одам савдоси ва мажбурий меҳнатнинг жабрланувчилари ҳисобланади. Ҳар йили одам савдосидан келадиган даромад 150 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда. Энг ачинарлиси, одам савдоси қурбонларининг 71 фоизи аёллар ва болалардир.
Мамлакатимизда ҳам бу иллатга қарши курашиш, унга шароит яратиб бераётган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш, одам савдосидан жабрланганларни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиш мақсадида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси томонидан бу борадаги ишларни кучайтириш мақсадида «Одам савдосига қарши курашиш ойлиги»ни ўтказиш белгиланганди.
Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия - Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига асосан, ўтган вақт мобайнида бир қанча ишлар амалга оширилди.
Жорий йилнинг 30 июнидан бошланган ойлик давомида кўплаб тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилди. Асосан, аҳоли орасида ўтказилган тадбирларда мазкур жиноятнинг жирканч асоратлари жонли мисолларда тушунтирилди. Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга катта аҳамият қаратилиб, одам савдоси билан шуғулланувчи кимсалар тузоғига тушиб қолмаслик учун нима қилиш лозимлиги мутахассислар томонидан айтиб ўтилди.
Одам савдоси жиноятининг юзага келишига кўп ҳолларда аҳолининг ишсизлиги сабаб бўлади. Шуни эътиборга олган ҳолда, ойлик давомида 6 марта меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, кўплаб ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
Чегараолди ҳудудларда 5 марта, темир йўл вокзали ва аэропортларда 3 марта, аҳоли гавжум жойларда 83 марта тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди.
Одам савдосининг жирканч томонлари, ундан жабр кўрганларнинг аянчли тақдири акс этган 9 та қисқа метражли фильм тайёрланиб, аҳоли орасида намойиш этилди, 85 маротаба ижтимоий сўровномалар ўтказилди.
Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган 164 нафар шахснинг реабилитацияси ва ижтимоий мослашуви таъминланди. Одам савдоси билан боғлиқ жиноий ҳолатларнинг олдини олиш, аниқлаш, фош этиш мақсадида 30 дан ортиқ тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Фозилжон Мамашарипов, «Postda» мухбири.