24 декабрь 2021 5388

Бухоро вилоятида жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди

Юртимизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли хавфсиз ҳудудга айлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва алоқадор ташкилотларнинг моддий-техника базаси яхшиланиб, информацион технологиялар кенг татбиқ қилинмоқда. Жиноятчиликка муросасизлик «маҳаллабай», «хавфсиз хонадон», «хавфсиз ҳовли» ва «фуқаробай» усулларида олиб борилмоқда. Бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан яхшилаш ҳамда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, тажрибалар яратиш бўйича мутасадди раҳбарлардан ташаббускорлик талаб этилмоқда.

Топшириққа асосан, ИИВ ишчи гуруҳи Бухоро вилоятида жиноятчиликни жиловлаш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилган ишларни кўздан кечирди.

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 12 февраль куни ИИВ Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида берилган топшириқлар ижроси ўрганилиб, таҳлил қилинди. Ходимлар томонидан хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ишчи гуруҳ тезкор-қидирув, профилактика ва йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишлари бўйича кичик гуруҳларга бўлиниб, вилоятнинг барча туман-шаҳарларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида кенг қамровли махсус тезкор-профилактик тадбирлар ўтказди.

Тадбирлар давомида 523 нафар вояга етмаганлар таълимга қайтарилди, 257 та оила яраштирилди, 256 та «ҳимоя ордери» расмийлаштирилди, 59 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди, 1 470 маротаба уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ўтказилди, фарзанд тарбияси бўйича мажбуриятларни бажармаган 289 нафар ота-оналарга нисбатан чоралар кўрилди.

Шунингдек, 27 та жиноий, 67 та маъмурий ҳолатлар аниқланиб, 9 нафар қидирувдаги шахслар ушланди, 7 та жиноятлар фош этилди ҳамда 356 дона ўқ-дорилар ва 8 дона ўқ отар қуроллар ихтиёрий равишда топширилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналиши бўйича ўтказилган «махсус авторейд» тадбири давомида 2 274 та қоидабузарликлар аниқланган бўлиб, шундан 997 таси қўпол қоидабузарликлар ҳисобланади, 844 та автомашина жарима майдонига жойлаштирилди.

Ҳар қандай саъй­ҳаракат самараси унинг натижадорлиги билан баҳоланади. Вилоят ИИБ раҳбарлари ва ўринбосарлари иштирокида аниқланган муаммоли масалалар ҳамда тезкор тадбирларнинг амалий натижалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясининг мазмун моҳияти ва белгиланган вазифалар тушунтирилди. Шу билан бирга, раҳбар ходимларнинг фаолияти давомида ташаббускорлиги, билим савияси, одоб-ахлоқи ҳамда хизмат интизомига риоя этиши таҳлил қилинди. Фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган 14 нафар раҳбар ва масъул ходимларга нисбатан интизомий жазо қўлланди. Жумладан, Бухоро ва Шофиркон туман ИИБ бошлиқлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, вилоят ИИБ пробация бўлими бошлиғи ва Когон шаҳар ИИБ бошлиғи, Пешкў, Шофиркон, Бухоро ва Когон туманлари ИИБ бошлиқларининг ўринбосарларига интизомий чоралар кўрилди. Ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашган, намунали хизмат қилиб ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган 31 нафар ходимлар «Аъло хизматлари учун», «Бенуқсон хизматлари учун» кўкрак нишонлари, муддатидан олдин махсус унвонлар, эсдалик қўл соатлари ҳамда пул мукофотлари билан рағбатлантирилди. Вилоятдаги бўш бўлган 3 та раҳбарлик лавозимлари тажрибага эга, юқори малакали номзодлар билан тўлдирилди.

Содир этилаётган жиноятлар таҳлилидан келиб чиқиб, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш мақсадида ҳар бир туман-шаҳар ИИБ бошлиқлари ва мазкур ҳудудларга бириктирилган вилоят ИИБ раҳбар ходимлари томонидан жойлардаги вазиятнинг чуқур таҳлили асосида, жиноятчиликни жиловлаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилди.

Вилоятда аниқланган муаммоли масалалар ечими бўйича вилоят ҳокимлиги биносида ҳам йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Мажлисда жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш борасида йўл қўйилган камчиликлар ва эришилган ютуқлар секторлар кесимида таҳлил қилинди.

Ички ишлар вазири томонидан, вилоятнинг шаҳар-туманларида жиноятлар муҳокамаси борасидаги камчиликлар танқид қилинди. Йўл қўйилган камчиликларни қисқа муддат ичида бартараф этиш бўйича сектор раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов жамоат хавфсизлиги концепцияси асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда қатор вазирликлар ва маҳаллий ҳокимликларга ҳам устувор вазифалар юклатилганлигини таъкидлаб, жиноятчиликни жиловлаш ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни жойида бартараф этиш бўйича, барча мутасадди раҳбарлар дахлдорлик ҳиссини англаган ҳолда, фаолият юритиши лозимлиги уқтирилди.

Бу борада йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича вилоят ҳокими бошчилигида, аниқ режа асосида ишларни ташкил этишга келишиб олинди.

ИИВ Ахборот хизмати бош мутахассиси С.Ҳакимов

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага