16 февраль 2020 4468

Бухорода Карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси томонидан юқумли касалликларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда

Карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси, Давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази ҳамда бошқа тегишли ташкилот ходимлари билан ҳамкорликда вилоят ҳудудида ўта хавфли юқумли касалликларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида бир қатор профилактик ишлар олиб борилмоқда.

Фуқаролар томонидан бозорларда гўшт, сут ва улардан тайёрланган маҳсулотлар билан савдо қилишда ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш юзасидан Ғиждувон туманидаги “Деҳқон бозори”да ўтказилган тадбирлар давомида Самарқанд вилояти Нарпай туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган фуқаро Ш.А. 4 нафар аёлларни ёллаб, уй шароитида қўл бола усулда сотиш мақсадида тайёрланган 42 дона бир литрли банкада сариёғ маҳсулотини ҳеч қандай ветеринария ҳужжатларисиз сотаётганликлари аниқланган. Ушбу маҳсулотдан намуна олиниб текширилганда, унинг истеъмолга яроқсиз эканлиги маълум бўлган. Шу сабабли олинган сариёғ маҳсулотлари ветеринария мутахассислари томонидан тегишли тартибда йўқ қилинган.

Шунингдек, Бухоро вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ Карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси ва ЙҲХБ ходимлари томонидан Ғиждувон тумани "Сармижон" ЙПХ масканида ўтказилган тадбирлар давомида 13 февралга ўтар кечаси 01:30ларда “Бухоро-Навоий” йўналишида ҳаракатланиб келаётган Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл шаҳрида яшовчи, 1982 йилда туғилган М.А. бошқарувидаги “Эпика” русумли автомашинанинг юкхонаси текширилганда, жами 124 кг оғирликдаги йирик шохли мол гўштини ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб кетаётганлиги аниқланган. Ғиждувон туман Ветеринария лабораториясининг 13 февраль кунидаги хулосасига кўра ушбу гўшт маҳсулоти истеъмолга яроқсиз эканлиги маълум бўлган.

Ҳар иккала ҳолатда ҳам ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 109-моддасига (Ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага