Буюк қалб эгаси
Чингиз Айтматов - буюк қалб соҳиби. Адибнинг қайси асарини ўқиманг, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш саҳналарини юксак дид, нафис муносабатлар, қалбни титратувчи туйғулар орқали тасвирлаб бера олганига амин бўласиз. Менинг назаримда, у ёзувчи бўлмаганида, буюк мусаввир бўларди. Тяншан тоғининг қорли чўққилари, довон йўллари ёқасидаги овуллар, қўл ушлашиб, узоқ-узоқларга йўл олган севишган йигит-қизларнинг сувратларини чизганида ҳам, бу картиналар Лувр, Эрмитаж каби галереяларнинг тўридан жой оларди.
Унинг «Биринчи муаллими» фақат етти-саккизта сўзни ёзишни биларди. У ўқувчиларига бир йилдан кейин бир сўзни ёзишни ўргатишни ваъда қилади.
Бойнинг отхонасидаги мактаби ўндан ортиқ болага дунёга очилган ойна, орзу-умидлар йўлининг олтин дарвозаси вазифасини бажарди. Бойнинг савқи табиатига мослаб қурилган, вайронага айланган бинони иситиш учун бор-йўғи ўсмирлик остонасидан ҳатлаб ўтган болалар қир-адирлардан тезак териб келишади. Тоғ қиши қировли ва аёзли келишига қарамай, мактаб ўз фаолиятини тўхтатмайди.
Унинг тўхташига ҳар доимгидек жоҳил одамлар сабабчи бўлади.
Биринчи муаллимнинг интилишлари тоғликларнинг мутаассиб вакилларига маъқул келмайди. Эзгулик ва ёвузлик ўртасида кураш бошланади. Адолатли, эркин, бахтли, фаровон жамият қуришга бўлган интилиш билан мечкайлик, худбинлик, консерватизм, шаҳватпарастликка бурканган жаҳолат ўртасидаги кураш кескинлашади. Улар болаларнинг мактабда таҳсил олишига ҳар томонлама қаршилик кўрсатишади. Биринчи муаллимга тазйиқ, зўравонликлар бошланади. Мактабни вайрон қилишга уриниб кўришади.
Ўқувчилар орасидаги асли етим бўлган қизлардан бири эски удумга кўра қалин эвазига мажбурлаб эрга бериб юборилади. Тўғрироғи сотиб юборилади.
Қарангки, эзгулик учун курашга отланган биринчи муаллим бу сафар ҳам ғолиб чиқади. У аскарлар ёрдамида қизни қутқаришга муваффақ бўлади.
Деярли руҳан мажруҳ ҳолга келган, маънан ўлаёзган қизалоқни жар ёқасидан қутқариб олгач, унинг қалбида яна орзу шамчироғини ёқади. Етаклаб олиб бориб, шаҳарда ўқиши учун поездга миндириб юборади. Келажакда эса ушбу қизалоқдан академик олим етишиб чиқади.
Китоб шу ерда мантиқий якунига етиши мумкин эди. Лекин биринчи муаллимнинг буюклигини очиб берадиган яна бир эпизод бор. Қиз биринчи муаллимни севиб қолганди. Лекин муаллим ўзининг хизматлари эвазига мана шундай туйғуни совға сифатида олишни истамайди.
Бундай эвазни олса яхшилигини миннат қилгандек бўлиб қоларди. У ҳеч нарса тама қилмайди. Шунчаки, юксакликда, улуғ инсонийлик тахтида қолади.
Чингиз Айтматовнинг «Манқурти» барча замонларда яшаб келаётган шахс. У ҳамма жойда бўлган, бор. У ақлсизлик - қуллик, тарихсиз эл - келажаксиз эл, тилидан айрилмоқлик - ўзлигидан айрилмоқлик эканининг тимсоли.
У жаҳолатнинг қўлидаги тиғ бўлиб, ўз онасининг бағрини тилкалашга отлантирилган, она элатини йўқ қилган босқинчиларга ерларини қўшқўллаб тутқазган бандилар тимсоли. Руҳий, маънавий бандиларнинг тасвири, тавсифи.
Унинг онаси эркинликка чоғланган зотнинг ҳайқириғи, хитоби. Эй, одамлар, кўзингизни очинг, деган огоҳлик чақириғи! У ҳозир ҳам бўронлар орасидан омон чиқиб, қозоқ даштлари орасидан туриб, йўқ бўлиб кетаётган элатларга қарата шундай хитоб қилаётгандек бўлиб туюлаверади:
- Ўғлим! Сенинг отинг Оқ бургут! Сен креоллардансан!
Чингиз Айтматов ўзининг асарлари билан асрлар давомида инсониятни огоҳликка, яхшиликка, меҳр-муҳаббатга ундаб, келажакда ҳам дунёда эзгулик ғалабасига ҳисса қўша оладиган буюк адиб сифатида мангу яшайверади.
Жамшид Эгамбердиев, Ширин шаҳар ИИБ бошлиғининг ўринбосари, капитан