6 июнь 2022 8601

Дадам - менинг қаҳрамоним

Тонг отиши билан қушларнинг чуғуридан уйғониб кетаман. Улар ҳовлимиздаги гилос, тут кўчатларини ўзларига ошён тутишган. Боғимизни дадам яратган. Мен эса унга доимий кўмакчиман. Кўчатларга сув қуйиш, ниҳоллар тагини юмшатиш, гулларни парваришлаш сирларини оиламиз танячи ва суянчидан ўрганганман. Дадам - ички ишлар органи ходими, подполковник Ботир Холмуродов хонадонимизни гуллатиб-яшнатгани учунгина эмас, шарафли касб эгаси бўлгани учун ҳам менинг қаҳрамонимдир. У узоқ йиллардан буён вилоятимиз ички ишлар органларида турли лавозимларда хизмат қилиб келмоқда.

..Бир куни бозор оралаб кетар эканмиз, бизга нотаниш инсон дуч келди. У дадам билан кўришаркан, негадир, ўртада бироз ўнғайсизлик пайдо бўлди.

- Ботир ака, бир ойча бўлди, қамоқдан чиқдим. Ҳозир ишсизман. Оилам ҳам пароканда.

Бозорлик қилиш режаси кечроққа сурилди. Биргалашиб яқинроқдаги маҳаллага йўл олдик. Дадам йўл-йўлакай ҳудуд профилактика инспектори, маҳалла раиси ва бошқа кимларгадир қўнғироқ қилиб, бу кимсанинг хонадонига келишларини илтимос қилди.

Сўзлашувлардан маълум бўлдики, ушбу шахс икки йил олдин ўғирлик жинояти билан қамалган. Дадам жиноятни фош қилган экан. Қамокдалигида оиласи барбод бўла бошлабди. Йўқчиликка чидай олмаган турмуш ўртоғи эрини айблабди. Бунинг устига, маҳаллада бош кўтара олмай қолдим, мен энди ўғри эр билан яшай олмайман, дея эрини уйга киритмабди.

Чоғроққина ҳовлига кириб борарканмиз, ўрта бўйли аёл бизни нохуш кутиб олди. Сал ўтиб, маҳалла оқсоқоли, профилактика инспектори ҳам етиб келди. Ҳаётда ҳамма ҳам адашиши мумкинлиги аёлга тушунтирилди. Тўрт нафар болани тирик етим қилиш нотўғри экани айтилди. Бир четда воқеаларни кузатиб турарканман, дадамнинг иши нақадар қийин, айни чоғда шарафли эканини англадим.

Ҳаммаси яхшилик билан тугаб, эр-хотин ярашганида қош қорайганди. Қайтар эканмиз, бозор аллақачон ёпилган, пештахталар бўм-бўш эди...

Дадам Сардоба туманида туғилган. Мактабни тугатиб, Тошкент шаҳрида ҳарбий хизматни ўтаган. Хизматдан қайтгач, 2003 йили Сирдарё вилояти ИИБга ишга қабул қилинган. Хизмат фаолиятини вилоят ИИБ ППХ 2-отрядида бошлаган. Ҳам ишлаб, ҳам ўқиган. Фаолияти давомида кўплаб жиноятларни фош этган.

Баъзан ҳафталаб сизни кўрмаймиз, дея дадамдан ёзғирган пайтимда у киши кулимсираб, бахт дегани шу бўлади ўғлим, оиланг сени интизор кутиши, касбинг тақозосига кўра ҳаммага керак бўлишингнинг ўзи катта бахт, дея уқтиради.

Дадам ички ишлар органларида турли лавозимларда ишлаган. Ҳозирда Гулистон шаҳар ИИБ ЖХХ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектори вазифасида хизмат қилиб келмоқда.

Ҳозир дилимдаги орзуимни айтишнинг айни фурсати, менимча. Улғайиб, мустақил ҳаётга қадам қўйганимда, албатта, ҳуқуқшунос бўламан. Дадам каби адолат устуворлигини таъминлашга хизмат қиламан.

Азизбек ТУРҒУНБОЕВ, Гулистон шаҳридаги 2-сонли мактаб ўқувчиси.

Сирдарё вилояти.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага