20 май 2022 334

Деҳқон бозори олдида гиёҳвандлик моддасини сотаётган шахс қўлга олинди

Жиззах вилояти. 2022 йил 11 май куни соат 21:00 ларда туман миқёсида ўтказилаётган «Қора дори 2022» тадбири давомида, Ғаллаорол тумани Болғали қишлоғида яшовчи 47 ёшли Н.Б. ўзига тегишли бўлган «Nexia-1» русумли автомашинасида Ғаллаорол тумани марказий Деҳқон бозори олдига келиб, у ерда мазкур тадбирга шартли харидор сифатида жалб қилинган фуқарога жами 1.270.000 сўм пуллар эвазига автомашинасининг қўл тормози ёнида турган 6 дона «Зийнат» ёзувли гугурт қутиларга ва бир дона оқ рангли полиетилен пакетга солинган, қуритилган ҳолдаги яшил рангли, ўзига хос ўткир ҳидли ўсимликни сотаётган вақтида ушланиб, ундан мазкур 6 дона гугурт қутилари ва оқ рангли полиетилен пакет холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Суд-кимёвий экспертизаси хулосасида тезкор-тадбир давомида Н.Б.дан олинган бир дона оқ рангли полиетилен пакетга солинган ва 6 дона «Зийнат» ёзувли гугурт қутиларига солинган, яшил-малла рангли, ўзига хос ўткир ҳидли, қуритилган ҳолдаги, ўсимлик моддалари таркибида фаол гиёҳванд модда тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, бу модда «Марихуана» эканлиги ҳамда унинг қуритилган умумий соф оғирлиги 29,86 граммга тенглиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ғаллаорол тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Н.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага