Диний мутаассиблик жавобгарликка сабаб бўлади
2023 йилнинг февраль ойида ижтимоий тармоқларда араб давлатларида кенг тарқалган «бурқа» кийган номаълум аёлнинг «Аёллар эҳтиёт бўлинг» номли видеолавҳаси тарқалди. Унда аёлларнинг ташқи кўриниши танқидга олингани акс этган.
Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганишлар давомида мазкур видеоролик муаллифи 2003 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, пойтахтдаги олий таълим муассасаларининг бирида таҳсил олувчи фуқаро Қ.Ш. эканлиги аниқланди ва 2023 йил 2 март куни Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга таклиф этилди.
Суҳбат давомида фуқаро ижтимоий тармоқда аёлларнинг ташқи кўринишига оид муносабатини шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда хорижий сайтларнинг биридан олинган материаллар асосида билдирганлигини, ҳозирги кунда уй шароитида видеолавҳада кўрсатилган ноанъанавий аёллар либосларини (бурқа) тикиш ва аҳолига сотиш билан шуғулланишини маълум қилди.
Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунига асосан, жинс бўйича билвосита камситиш, яъни бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгиланишига йўл қўйилмайди. Ушбу Қонуннинг 29-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Шундай экан, жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишда инсонлар ўзларининг диний ва ахлоқий қарашлари орқали бошқаларга баҳо бериши ёки бошқача кўринишда шахсий ҳаётига аралашиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакатда ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади. Ушбу қонуннинг 5-моддасига кўра, мамлакатда виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликларидан бири сифатида жамоат тартибига, фуқароларнинг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш белгилаб қўйилган.
Шу муносабат билан, суд идоралари томонидан фуқаро Қ.Ш.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1842-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.