12 март 2022 778

Эл-юрт ардоғи - улуғ бахт

Полковник Азиза Рустамовна бир қарашда оддийгина, соддагина кўринади. Гаплашганингизда эса хушфеъллиги, самимий муомаласи ўзига оҳанрабодек тортади. У ана шу фазилатлари боис ҳам салкам 25 йилдирки Ички ишлар органларида, 2008 йилдан эса ИИВ Тиббиёт бошқармаси «Ўзбекистон» санаториясида фаолият юритиб келмоқда.

Азиза Мўминова доим мисқоллаб топган обрўсини, эл-юрт ҳурматини асраб-авайлайди. Оқ либосига доғ туширмасликка интилади.

Ўз соҳасининг етакчи мутахассисларидан иборат жамоанинг шаклланишида ҳам полковник Азиза Мўминованинг алоҳида ҳиссаси бор. Раҳбар аёлнинг шижоати билан бир парча ер ҳам қақраб қолмайди, қурилиш ва таъмирлаш ишларидан тортиб, гулу гулзорга айлантиришда ҳам шахсан ўзи бош-қош бўлади.

Полковник Азиза Мўминованинг бу саъй-ҳаракатлари ҳеч қачон раҳбарият эътиборидан четда қолган эмас. Фаолияти давомида кўп маротаба рағбатлантирилган Азиза Рустамовна пандемия давридаги фидойилиги учун Президентимиз фармонига кўра, II даражали «Саломатлик» ордени билан мукофотланган.

Энди унинг мукофотлари яна биттага кўпайди: Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Инсон ҳамиша яхшиликлар, хушхабарлар кутиб яшайди, аммо очиғини айтаман, ўзимнинг бундай мукофот билан тақдирланишимни сираям кутмагандим, ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди. Эл-юрт ардоғи - улуғ бахт, - дейди Азиза опа.

Бу камтар аёлга кимлардир опа, кимлардир устоз, кимлардир эса расман Азиза Рустамовна деб мурожаат қилади. Лекин қандай мурожаат этмасин, уларнинг кўнглида Азиза опага нисбатан илиқлик ва чексиз ҳурмат ётади.

Азиза Рустамовна билан бирга ишлаётганимдан фахрланаман, - дейди бошлиқ ўринбосари, подполковник Севара Зайнутдинова. - Жонкуяр, изланувчан, ўта масъулиятли ва талабчан.

Масалан, пандемия шароитида ҳаммамиз оғир меҳнат қилдик. Биз билан ёнма-ён, елкама-елка ишлади, ойлаб уйига кетмади. У доим ўзига топширилган вазифани қойилмақом қилиб бажариб қўйиб, фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ҳам бериб турди.

Кези келганда айтиш жоизки, Азиза Мўминова қўл остидаги ходимларнинг ҳар бирининг оилавий шароитини ўрганади, муаммоларини имкон қадар ижобий ҳал этишга кўмаклашади.

Ходимларга энг кўп айтадиган насиҳати ҳам, талаби ҳам битта: «Санаторияга дам олгани ва даволангани келганларнинг дуосини олинглар, албатта, бунинг роҳатини кўрасизлар», дейди.

Азиза Рустамовнани яна бир бор мукофот билан табриклар эканмиз, эзгу ишларини давом эттиришда асло чарчамаслигини тилаб қоламиз.

Адолат Файзиева, «Postda» мухбири.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага