17 ноябрь 2021 4687

Эшитиш ҳам неъмат

Агар инсон бир сония эшитишдан мосуво бўлса, дунё кўзига қоронғи кўриниб кетади. Яратган инсонга сон-саноқсиз неъматлар ичида қулоқ орқали эшитишни берганки, бу бизни шукрона келтиришга ундайди.

Ички ишлар вазирлиги Марказий госпиталининг оториноларингология бўлинмасида ҳам эшитиш аъзолари касаллигини самарали даволаш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бўлинма юқори нафас йўли ва қулоқ касалликларини даволашда зарур бўлган энг сўнгги замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Бу ерда барча турдаги хирургик, консерватив ва керакли тез ёрдам даво муолажалари ўтказилади.

Мазкур бўлинма ички ишлар органлари ходимлари, фахрийлар ва уларнинг оила аъзолари соғлиғини мустаҳкамлашда алоҳида ўринга эга бўлиб, шифокорлар хорижлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда кўплаб беморларнинг дардига шифо бўлиб келмоқда.

Яқинда бўлинмада 8 нафар беморда ўрта қулоқнинг мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Дастлаб аудиометрия аппарати ёрдамида эшитиш тизимида муаммоси бўлган беморларнинг эшитиш аниқлиги текширилди. Сўнгра уларда Германияда ишлаб чиқарилган «Karl Zeiss» русумли юқори сифатли операцион микроскоп аппарати ёрдамида эшитишни тикловчи ва қулоқ санацияси жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Жарроҳлик амалиёти украиналик мутахассислар, профессорлар Олег Борисенко ва Илона Сберняк ҳамкорлигида амалга оширилди.

Жарроҳлик амалиётидан олдин биз профессор Олег Борисенко билан суҳбатлашдик.

Бугун биз қулоқ пардасини ҳамда эшитиш суякларини тиклаш бўйича микрожарроҳлик амалиётини ўтказмоқчимиз. Ушбу жарроҳлик амалиёти қулоқнинг намлик, чанг, сув ва совуқ ҳаводан ҳимояланиш функциясини тиклаш ҳамда беморнинг эшитиш қобилиятини яхшилашга ёрдам беради. Мазкур амалиёт анча мураккаб бўлиб, пухта тайёргарликни талаб этади. Бунинг учун бўлинма барча зарур замонавий тиббий ускуналар мавжуд.

Соҳанинг етук мутахассислари бўлган украиналик ҳамкасблар билан ҳамкорликда қулоқ микрожарроҳлик амалиётларини олиб бормоқдамиз, - дейди оториноларингология бўлинмаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди, подполковник Феруза Одилова. - Замонавий тиббий ускуналарнинг олиб келинганлиги жарроҳлик амалиётларининг самарали ўтказилишида қўл келмоқда.

Шунингдек, бўлинмамиз ходимлари ҳам бу борада бир неча йиллардан буён тажриба тўплашган ва чет элда малака ошириб келишмоқда.

Сарвар Cобиров, «Postda» мухбири.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага