Эътибордан яшнаган нурли маскан
Марғилон шаҳар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган «2-Нурли маскан» махсус мактабининг Бешариқ бўлими давлатимиз эътибори ва ҳомий ташкилотлар кўмаги туфайли обод ва файзли гўшага айланиб бормоқда.
- Мактаб 2008 йилда Кўзи ожизлар жамияти Бешариқ туман бўлими қошида ташкил этилган эди, - дейди жамиятнинг ҳозирги кундаги раиси, халқ таълими аълочиси Сарвиноз Облақулова. -Ўшанда Бешариқ шаҳри Сирдарё кўчаси 12-уйда жойлашган Сув хўжалигига қарашли бўш бино ҳокимлик рухсати билан ажратиб берилган. Йилдан-йилга ўқувчилар сони кўпайиб, 2010 йилда 2 та синф шаклланди ва ўқувчилар 20 нафардан ошди.
Мактабда 2014 йилда кар ва заиф эшитувчи ўқувчилар синфи ҳам очилган. 2020 йилга келиб эса шу йўналишдаги синфлар сони 3 тага, ўқувчилар эса 60 нафарга етди. Ҳозирги кунда бу ерда 10 нафар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи, 26 нафар кар ва заиф эшитувчи болалар таълим олмоқда.
Бўлим раҳбарининг айтишича, ўқувчиларга малакали тифлопедагог, сурдопедагог ўқитувчилар сидқидилдан сабоқ бериб келишмоқда. Ўқувчилар орасидан эса кўплаб иқтидорли ёшлар етишиб чиқди. Масалан, ижодкор ўқувчи Гуласал Ғайратжонова ўз шеърлари билан турли кўрик-танловларда фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Мактаб битирувчилари орасида олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи ҳам анча юқори.
Яқинда Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги республика идоралараро ишчи гуруҳининг ўрганишидан сўнг Қурилиш вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасининг амалий кўмаги билан бино таъмирланди ва янги парталар, стол-стуллар, ўқув жиҳозлари, спорт анжомлари ҳамда кўргазмали воситалар етказиб берилди.
- Бундай эътибор учун ота-оналар, ўқитувчилар, ўқувчилар, ишчи-ходимлар ва жамиятнинг барча аъзолари номидан Юртбошимизга, бизни қўллаб-қувватлаган мутасадди раҳбарларга миннатдорлик билдираман, - дейди Сарвиноз Облақулова. -Бу ғамхўрликка жавобан, ўқувчиларимизга сифатли таълим бериб,уларни она Ватанимизга муносиб, билимли ва комил инсонлар қилиб тарбиялаймиз.
Абдувосит СИДИҚОВ, «Postda» мухбири.
Фарғона вилояти.