Фарғона вилоят ҳокимлигида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, олдинда турган устувор вазифаларга бағишланган навбатдан ташқари сессия бўлиб ўтди
Сессияни вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров олиб борди.
Сессияда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Раззоқович Бобожонов иштирок этиб, Фарғонада ўтган 2021 йилда содир этилган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар ҳолати, жорий йилда жиноятчилик профилактикаси, унинг олдини олиш борасида кўрилиши зарур бўлган чора-тадбирлар хусусида тўхталиб, вилоятдаги жиноятчилик сўнги йилларда кескин ошганлигини танқид остига олди.
Хусусан, ўғирлик, фирибгарлик, каби жиноятлар ортиб кетган. Олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар профилактикасидаги камчиликлар оқибатида ушбу турдаги жиноятлар салмоғи сезиларли даражада ошишига йўл қўйилган.
Таъкидланганидек, хотиржамликка берилиш, жиноят муҳокамалари ва профилактик тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилмаганлиги, ҳамкор ташкилотлар билан ҳамжиҳатликнинг тўғри йўлга қўйилмаганлиги, салбий оқибатларни келтириб чиқарган.
Шундан сўнг ташкилий масала кўрилди.
2020 йил январь ойидан буён Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келган полковник Ташходжаев Дониёр Бахтиёрович бошқа ишга ўтганлиги сабабли вазифасидан озод қилинди.
2020 йил сентябрь ойидан - Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган полковник Жўраев Мухиддин Уткурович Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланди.
Сессияда шаҳар-туман сектор раҳбарлари ва депутатлари вилоят ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, криминоген вазият барқарорлигини мустаҳкамлашда ҳамжиҳатликда иш олиб бориб, маҳаллабай, оилабай тамойили асосида ишни ташкиллаштиришга, бу борада ҳар бир соҳа вакили бир ёқадан бош чиқариб, ўзларига топширилган вазифаларни тўғри ва тизимли ташкил этишга ваъда бердилар.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати