15 июнь 2022 967

Фарғона вилоятидаги ўрганишлар давомида аҳоли муаммолари жойида бартараф этилмоқда

«Ассалому алайкум мен Лайло Анварова Фарғона вилоятининг Фурқат туманида истиқомат қиламан. Куни кеча 15 июнь куни соат ўн бирлар атрофида туман марказида очилган чеварчилик марказига иш қидириб борган эдим, бу ерга Президент топшириғи билан Республика ишчи гуруҳи ташриф буюриб, эҳтиёжман аёлларга тикув дастгоҳлари топширилаётганлигига гувоҳ бўлдим. Мен ишчи гуруҳ масъулларига юзланиб, иш қидираётганлигимни айтдим. Мени сўзларимни тинглаган раҳбарлар ёш болали эканлигимни ҳисобга олиб, керакли дастгоҳларни уйимга ўрнатиб бериш бўйича туман мутасаддиларига топшириқ берди. Орадан икки соат ўтгач мутахассислар дастгоҳларни уйимга ўрнатиб кетишди. Ишонсангиз туш кўраётганга ўхшайман, Бунинг учун Юрт бошимизга мингдан-минг раҳматлар айтаман, олиб бораётган одилона сиёсатлари бизгача етиб келаётганлигидан миннатдормиз. Ҳар доим бахтимизга соғ-омон бўлсинлар деб дуо қиламиз».

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги республика идоралараро ишчи гуруҳи Фарғона вилоятининг барча туман-шаҳарларида бўлиб, аҳоли муаммоларини манзилли бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

Ўрганишларнинг иккинчи куни Бағдод тумани “Зафаробод” маҳалласида яшовчи фуқаро Собиржон Рўзиев томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича ташкил этилган тикувчилик цехида маҳаллий аҳолининг бандлигини таъминлаш орқали доимий даромад манбаини яратиш амалиётини ўрганиш билан бошланди. Бу ерда 20 нафар қишлоқ ёшлари иш билан таъминланган.

Фурқат тумани “Навбаҳор” маҳалласида яшовчи фуқаро Нурали Ғаниев томонидан ташкил этилган тикувчилик цехида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларидан 50 нафарининг бандлиги таъминланган.

– Муҳтарам Юртбошимизга катта раҳмат, энг чекка ҳудудларда яшовчи қишлоқ аёлларини иш билан таъминлашга ҳам жиддий эътибор қаратмоқда, – дейди ушбу цех ишчиси Шаҳзода Қодирова. – Мен  “Темир дафтар”да рўйхатда турардим. Ушбу цехга ишга жойлашиб, даромад манбаига эга бўлдим, рўзғоримга барака кирди.

Мазкур цех фаолияти ҳам ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, уни янада ривожлантириш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Шу ернинг ўзида эҳтиёжманд 6 нафар аёлларга тикув машиналари ва китоблар тўплами совға сифатида тақдим этилди.

Бунга қўшимча тарзда ишчи гуруҳи масъулларига мурожаат билан келган Лайло Анварова уй шароитида ўзини ўзи банд қилиш мақсадида тикув машинасига эҳтиёжи борлигини билдирди. Унга ҳам тикув машинаси ажратилиб, хонадонига етказиб берилди.

Масъуллар ўрганиш жараёнида секторлар фаолиятига алоҳида аҳамият қаратдилар. Сектор раҳбарларининг аҳоли бандлигини таъминлаш,

ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ва жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш бўйича амалиётининг натижадорлиги ўрганилди.

Шунингдек, маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчисининг ҳамкорликдаги фаолияти юзасидан суҳбатлашилди. Ўрганишлар жараёнида “Навбаҳор” маҳалласида жиноятчилик салмоғи юқори эканлигига эътибор қаратилиб, профилактика инспекторининг фаолиятига танқидий баҳо берилди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳи Қўқон шаҳар “Исфара гузари” маҳалласида жойлашган 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлдилар. 335 нафар ўқувчи таълим оладиган ушбу санъат даргоҳида ёшлар ўзбек миллий чолғу-асбобларини чалишни ўрганишмоқда. Бу ерда йўлга қўйилган самарали ишлар ҳам ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди.

Давлат раҳбарининг ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш борасидаги беш муҳим ташаббуси бугунги кунда ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Ишчи гуруҳи масъуллари Қўқон шаҳар “Исфара гузари” маҳалласида жойлашган 26-сонли мактабда беш ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиб, бу ерда ташкил қилинган “Заковат” клуби, рақс, доира, китобхонлик, шахмат-шашка, ахборот технологиялари йўналишларидаги тўгараклар фаолияти билан танишдилар.

Шу ерда ўқувчи-ёшлар билан уларнинг қизиқишлари, орзу-интилишлари ҳақида самимий суҳбат ўтказилди. Суҳбат давомида ёшлар томонидан билдирилган таклиф инобатга олиниб, ишчи гуруҳ масъуллари томонидан мактабга смарт телевизор совға қилинди.

Бугун одамларни иш билан таъминлаш, бирор фаолият турига жалб этишнинг энг самарали йўли — уларни касб-ҳунарга ўқитиш экани, мамлакатимиз тажрибасида яққол намоён бўлмоқда. Ўтган қисқа вақт ичида ёшлар, айниқса, ишсиз аҳоли қатламини бу тизимга жалб қилиш, келгусида олий таълимни давом эттиришидан қатъий назар, уларга ҳаётида асқотадиган бирор ҳунарни ўргатиш, эгаллаган касби бўйича бўш иш ўринлари яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди

Ана шундай хайрли ишлар доирасида Қўқон шаҳридаги “Давронбеков” маҳалласида очилган “Мономарказда ҳам бугун 60 нафардан ортиқ ёшлар 10 дан зиёд йўналишлар бўйича касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Бу ердаги дарс ва амалий машғулотлар жараёнлари ҳам ишчи гуруҳи томонидан кўздан кечирилди.

Қўқон шаҳар “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини биносида маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси учун яратилган шарт-шароитлар ва улар томонидан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар билан танишилди.

Шу алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур маҳалла республикада энг намунали маҳаллалардан бири саналиб, жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га рўйхатда турувчи фуқаролар мавжуд эмас. Маҳалла гузарида эса ҳунармандлар томонидан кўргазма ташкил этилди.

Ишчи гуруҳ Фарғона вилоятида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага