21 май 2022 313

Фахрийлар – фахримиз. Ота ўгити – ўғил ютуғи

Қўқон шаҳар ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Олимжон Кимсанов 28 йиллик умрини эл-юрт осойишталигига бахшида этган. Оддий инспекторликдан раҳбарлик даражасига кўтарилиб, устоз мақомига эришган ва шогирдлар эҳтиромида пенсияга чиққан соҳа фидойиси бугун ҳам хизматдан айро ўтиргани йўқ. Айни вақтда, ёш ходимларни касбга садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Олимжон Кимсанов 1996 йили Қўқон шаҳридаги махсус вазифаларни бажарувчи сафарбар ротасида командир лавозимида хизмат қилган пайтлари қўл остидаги ходимларига бош бўлиб, Сўх туманининг тоғли ҳудудларига қилинган террористик ҳужумни бартараф қилишда фаол иштирок этди.

Кейинчалик Қўқон шаҳар ИИБ ЖҚБ тезкор вакили, катта тезкор вакили, бўлим бошлиғи, вилоят ИИБда катта тезкор вакил лавозимларида самарали фаолият кўрсатди. Сўнгра Бувайда тумани ва Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, бошлиқ вазифасини вақтинча бажарувчи вазифаларида хизмат қилди. 2012 йилнинг апрель ойида эса ҳурмат-эҳтиром билан пенсияга чикди.

Олимжон ака турмуш ўртоғи билан аҳилликда 4 нафар фарзандни жамиятимизнинг муносиб аъзоси қилиб вояга етказди. Эътиборлиси,бугун унинг касбини ўғли подполковник Мадиёр Кимсанов муносиб давом эттирмоқда. Ҳозирги кунда у Қўқон шаҳридаги 2-сонли Ички ишлар бўлими бошлиғи.

Ота ва ўғил суҳбати доим хизмат жараёни билан боғланиб кетади. Олимжон ака ўғлига ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб беради. Жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларнинг ишончи, ҳурмати ва эътиборига сазовор бўлиш учун нималарга эътибор бериш кераклигини айтишдан чарчамайди. Отанинг доно ўгитлари эса ўғилнинг ютуқларига пойдевор бўлмокда.

Абдувосит СИДИҚОВ, «Postda» мухбири.
Фарғона вилояти

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага