14 сентябр 2021 1021

«Фейк» веб-сайтга кириб, интернет-фирибгарларининг тузоғига тушманг!

Бугунги кунда рақамли технологиялар жамиятнинг барча қатламига жуда тез суратларда кириб бораётган бир вақтда Интернет жаҳон ахборот тармоғида фирибгарлар томонидан фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пул маблағларини ноқонуний равишда талон-тарож қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Хусусан, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази томонидан ўтказилган интернет мониторинги давомида, интернет-фирибгарлари томонидан ўзларининг жиноий мақсадларини амалга оширишлари учун «Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази» (УЗКАРД)нинг сохта веб-сайти (ҳаволаси: https://uz-investt.space) фаолият кўрсатаётганлиги аниқланди.

Мазкур «фейк» веб-сайт орқали “UzCard Investment” лойиҳаси доирасида миллий банк хизматларининг фаол фойдаланувчиларига бир марталик 994 минг 558 сўм миқдорида компенсация тўланиши, бунинг учун фойдаланувчиларнинг шахсига оид ва банк пластик картаси маълумотлари, телефон рақамини ҳамда смс тариқасида келган тасдиқлаш кодини киритишлари талаб этилади.

Натижада, катта маблағга эга бўлиш истагида бўлган фойдаланувчи тасдиқлаш кодини «фейк» ресурсга киритиши билан интернет-фирибгар томонидан банк пластик картасини бошқариш ҳуқуқини қўлга киритилишига ва ундаги маблағларни ноқонуний равишда эгалланишига шарт-шароит яратади.

Шу сабабли, барча интернет фойдаланувчиларини, айниқса УЗКАРД тўлов тизими мижозларини мазкур «фейк» веб-сайтнинг ноқонуний фаолияти тўғрисида огоҳ бўлишларини, тўлов тизимларидан фойдаланаётганларида эса, уларнинг расмий веб-сайтларида тақдим этилган хизматларга мурожаат этишларини сўраб қоламиз.

Огоҳ бўлинг! Интернет-фирибгарлари томонидан яратилган сохта веб-сайтларга кириб, уларнинг осон даромад топиш тўғрисидаги алдовларига ишониб қолманг!

ИИВ Киберхавфсизлик маркази

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага