Фожиадан сохта хайрия акцияси уюштириб, 11 млн сўмни ўзлаштирган йигит аниқланди
Олиб борилган текширув ҳаракатлари давомида, Навоий вилоятида яшовчи фуқаро Р.Г. 2021 йил 14 апрель куни “Телеграм”да жияни 2019 й.т. Х.И.нинг оғир даражада куйганлиги сабабли унга моддий ёрдам гуруҳини очиб, ушбу гуруҳга ўзининг телефон рақами, банк пластик карта рақами ва жиянининг куйган ҳолатда тасвирга олинган видеолавҳаларни жойлаштирган.
27 апрель куни номаълум шахс томонидан ушбу видеолавҳалар “Телеграм” дан кўчириб олиниб, ўзганинг мулкини алдаш, ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида бошқа банк пластик карта рақами ва телефон рақамини қўйиб халқдан ёрдам сўраб “Телеграм”нинг бир қатор гуруҳларида жойлаштирган сохта хайрия эълонлари аниқланди.
Олинган тезкор маълумотлар натижасида, май ойида Жиззах вилояти, Пахтакор тумани ҳудудида ИИВ Киберхавфсизлик маркази ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур ноқонуний ҳаракатни Пахтакор туманида яшовчи 2002 й.т. фуқаро М.Р. содир этганлиги аниқланиб, бир дона банк пластик картаси ва смартфони ашёвий далил тариқасида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Ушбу шахс “Телеграм” даги бир қатор гуруҳларда видеолавҳаларни тарқатиш орқали фуқаролардан сохта хайрия эълони остида кўрсатган банк пластик картасига жами бўлиб 11.000.000 сўмга яқин пул маблағларини тушириб, ушбу пулларни ўзининг эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.Р.га нисбатан Пахтакор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ИИВ Киберхавфсизлик маркази