Ғиждувонда олийгоҳ талабаси ўғирлик содир қилган
2022 йил 2 ноябрь кунидан 16 ноябргача бўлган вақт оралиғида номаълум шахс, Ғиждувон тумани Армечан маҳалласида яшовчи фуқаронинг хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, яшаш хонадонида бўлган шкаф ичидан умумий баҳоси 12.000.000 сўмлик 1 дона эркаклар кумуш узуги, 1 дона аёллар тилла узуги, 1 дона аёллар тилла тўғноғичи, 1 дона тилла занжири, 1 дона бижутерия тўғноғичи ҳамда 1 жуфт бижутерия аёллар зиракларини ўғирлаб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 169-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича олиб борилган тезкор-суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Ғиждувон тумани Дилкушо маҳалласида яшовчи 2004 туғилган Бухоро Давлат университетининг 1-босқич талабаси Б.У. содир қилганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирги кунда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати