20 май 2022 211

Гулимбойнинг жасорати

Ҳарбий хизматдан қайтган Гулимбой Урганч шаҳар ИИБ ППХ ротасига ишга қабул қилинди. Орадан бир ҳафта ўтгач, шаҳардаги Гурлан кўчасида ўғирлик содир этилгани ҳақида хабар олинди.

Фуқаро кийимида ўша ҳудудни назорат қилиб юрган сафдор Гулимбой Дўсимов кўп қаватли уйлар орасида безовталаниб юрган отахонга кўзи тушди.

- Ассалому алайкум, ота, - дея ҳол-аҳвол сўрашди Гулимбой. -Кимни излаяпсиз?

- Ўғлим нобоп чиқиб қолди, занғар, - деди отахон чуқур хўрсиниб. - Ўтган ҳафта уни мана шу кўп қаватли уйдан топиб олиб кетгандим. Лекин ҳозир қайси хонадон эканлигини англолмаяпман.

Гулимбой отахон билан суҳбатлашгач, учинчи қаватга кўтарилди. Тўғридаги хонадондан ғала-ғовур эшитилди. Эшикни тақиллатди. Остонада узун бўйли, соч-соқоли ўсиб кетган барзанги пайдо бўлди.

- Ким керак сенга?!

- Хурсандни пастда отаси кутиб турибди. Тезда чиқсин, деяпти.

- Ҳозир, - дея ичкаридан бир йигит чиқиб келди ва Гулимбойга ўшқирди:

- Сен кимсан!

- Шу ердан ўтиб кетаётгандим. Отахон юқорига чиқолмаслигини айтиб, мендан сизни чақириб тушишни илтимос қилди.

- Ҳозир тушаман, - деди йигит ва ичкарига кириб кетди.

Шу пайт Гулимбойнинг кўзи хона тўридаги гиламларга тушди. У зудлик билан шаҳар ИИБга қўнғироқ қилиб, хонадондаги шубҳали кимсалар ҳақида хабар берди. Орадан кўп ўтмай улар тезкор гуруҳ томонидан қўлга олинди. Бу кимсалар қатор ўғриликларни содир қилиб, ички ишлар органларидан қочиб юрган жиноятчилар экани маълум бўлди. Ҳатто улардан бири Россия Федерацияси томонидан қидирувда бўлган хавфли жиноятчи бўлиб чиқди.

Раҳбарият эндигина хизмат фаолиятини бошлаган ёш ходимнинг ҳушёрлигини юксак баҳолаб, унга ташаккурнома билдирди.

Гулимбой Дўсимов Урганч шаҳар ИИБ ППХ ротаси ходимлари - катта сержантлар Комил Йўлдошев, Арслон Собиров сингари тажрибали мураббийлардан касб сирларини мукаммал ўрганди.

Айниқса, жиноятчилар билан муомала қилишда, уларни кузатувга олишда нималарга эътибор бериш кераклигига алоҳида эътибор қаратди.

- Гулимбойга ҳавасим келарди, - дейди истеъфодаги катта сержант Ботир Султонов. - Хизмат вазифасини бажараётган пайтда бирорта жиноятчи унинг қўлидан қутулиб қололмаган.

Эсимда, шаҳар марказидаги деҳқон бозорида киссавур ўғрилар кўпайиб кетди. Ўшанда ҳамкасбим Гулимбой Дўсимов бир кунда саккиз нафар киссавурни қўлга олганди.

Катта сержант Гулимбой Дўсимов халқ осойишталигини таъминлашдек шарафли касбда 22 йил сидқидилдан хизмат қилди.

Ўтган йиллар давомида у юздан ортиқ жиноятларни фош этиб, раҳбариятнинг ишончига, ҳамкасбларининг ҳурматига сазовор бўлди.

Унинг халқ осойишталигини таъминлаш йўлидаги фидойи хизматлари муносиб эътироф этилиб, Мустақиллигимизнинг 17 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан «Жасорат» медали билан тақдирланди...

Ўзини шу юртнинг муносиб фарзанди, деб билган ҳар бир инсон ён-атрофида бўлаётган ўзгаришларга бефарқ бўла олмайди.

Лавҳамиз қаҳрамони ҳам вилоят ИИБ Фахрийлар кенгаши томонидан ўтказилаётган барча тадбирларда, қолаверса, ўзи истиқомат қилаётган маҳаллада амалга оширилаётган хайрли ишларда фаол иштирок этмоқда.

Худойберган Жабборов, «Postda» мухбири. Хоразм вилояти.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага