2 сентябрь 2022 307

Ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган самарали мулоқот

31 август куни Осиё полиция таълим муассасалари ассоциацияси Бош ассамблеясининг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Корея миллий полиция университети ташаббуси билан онлайн форматда ўтказилган йиғилишда ташкилотга аъзо мамлакатлар ва ҳамкор давлатларнинг 20 дан ортиқ турдош олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш аввалида ташкилот президенти Сонг Йонг Ае сўз олиб, глобал таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, замонавий хавф-хатарларга қарши курашишнинг ўзига хос ёндашувлари бўйича кўп қиррали тажриба алмашинувини фаоллаштириш масалалари хусусида тўхталди.

Иштирокчилар алоқалар формати ва йўналишини кенгайтириш замонавий таълимнинг илғор ёндашувлари учун кенг имкониятлар яратишини алоҳида таъкидладилар.

Йиғилишда кун тартибидаги асосий масалалар, жумладан, янги аъзоларни қабул қилиш, Осиё полиция ўқув муассасалари ассоциацияси президенти ва ўринбосарини сайлаш ҳамда ассоциациянинг 2023 йилда бўлиб ўтадиган еттинчи йиғилишига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди. Овоз бериш якунларидан сўнг Ўзбекистон Жамоат хавфсизлиги университети ва Қатар полиция коллежи ташкилот аъзолигига қабул қилинди. Ассоциация президенти лавозимига Корея миллий полиция университети президенти Сонг Йонг Ае номзоди бир овоздан маъқулланди.

Ассоциациянинг келгуси йил 23–27 август кунлари ўтказилиши режалаштирилган еттинчи йиғилишига эса Монголия Ички ишлар университети мезбонлик қиладиган бўлди. Иштирокчилар кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга келишиб олдилар.

Онлайн мулоқот чоғида Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Осиё полиция таълим муассасалари ассоциацияси ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати юзасидан фикр алмашилди. Томонлар манфаатли алоқаларни ривожлантириш, долзарб мавзуларда халқаро анжуманлар ташкил қилиш борасида истиқболли ҳамкорликнинг муҳим тамойилларини белгилаб олдилар.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага