7 январь 2022 4581

Ҳимояга муҳтож болаларнинг реинтеграция масаласи муҳокама қилинди

2022 йил 6 январь куни Олий Мажлис Сенати ҳамда ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан ҳамкорликда «Болаларни республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш ва улар реинтеграциясининг долзарб масалалари» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига болаларни жойлаштиришнинг олдини олиш масаласи ҳамда улар оилалари ва ҳамжамиятларига тегишли равишда реинтеграцияси соҳасидаги натижалар сарҳисоб қилинди.

Хусусан Республика ўқув-тарбия муассасаларидан чиқарилган болаларнинг реинтеграцияси билан боғлиқ муаммолари муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, ёпиқ муассасалардан қайтгач, кўплаб ўспиринлар бундай муассасаларга жойлаштирилишига сабаб бўлиб, ҳали ҳам ечим топмаган ижтимоий муаммоларга дуч келади.

Улар ота-оналар, бошқа оила аъзолари, мактаб ва ҳамжамиятлар томонидан қабул қилинмаслиги мумкин. Шу сабабли ёпиқ муассасалардан қайтган болалар учун реинтеграция хизматлари, хусусан, оилаларни қўллаб-қувватлаш хизматларини яхшилаш ўта муҳимдир.

Шунингдек озодликдан маҳрум қилиш фақат энг сўнгги чора сифатида имкон қадар қисқа вақт давомида қўлланилиши ва халқаро стандартларга мувофиқ истисно ҳолатлари билан чекланиши лозимлиги иштирокчилар томонидан таъкидланди.

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидаги болалар аҳволини баҳолаш уларнинг аксарияти қийин ҳаётий шароитдаги оилалардан эканлигини кўрсатади. Бундай оилаларнинг асосий муаммолари моддий қийинчиликлар, спиртли ичимликлар ва психоактив моддаларни истеъмол қилиш, доимий иш билан бандликнинг йўқлиги, оила аъзолар ўртасида жиддий руҳий касалликлар билан боғлиқ.

Йиғилишда таъкидланганидек, агар диққатни қийин аҳволдаги оилаларни эрта аниқлашга қаратилса, улар билан профилактика ишлари олиб борилса, маҳалла ва мактабларда ишлар янада кучайтирилса, болалар ҳимояси ва уларнинг фаровонлиги ошади. Бу, ўз навбатида қиз ва ўғил болаларнинг оиласидан заруратсиз ажратишни ва болаларни ихтисослашган муассасаларга жойлаштиришни камайтиришга хизмат қилади.

Болаларнинг энг яхши манфаатларини кўзлаган самарали реинтеграция ҳамжамият даражасидаги профилактика ва қўллаб-қувватлаш хизматларини ишлаб чиқиш ва уларни жорий этишни талаб қилади. Барча болалар, жумладан қонун билан зиддиятдаги болаларни оилаларидан ажратиш ва интернат муассасаларига жойлаштиришнинг олдини олиш учун эрта аниқлаш, йўналтириш ва комплекс ижтимоий хизматларни тақдим этиш шулар жумласига киради. Болалар, ота-оналар, оилалар ва ҳамжамиятларни реинтеграцияга тайёрлашда уларга ҳамроҳ бўладиган ўқитилган ижтимоий соҳага оид кадрлар бўлиши аҳамиятлидир дея қайд этилди йиғилишда.

Тадбирда норматив-ҳуқуқий база ва тармоқлараро ҳамкорликни такомиллаштириш, тегишли мутахассисларнинг салоҳиятини ошириб, ҳамжамият даражасида оилани қўллаб-қувватлаш хизматларини кучайтириш, зарарли гендер нормаларини бартараф этиш бўйича ишларни давом эттириш, ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ хатарларнинг олдини олиш бўйича мониторинг ва самарадорликни баҳолаш ишларини ҳужжатлаштириш ва бошқа тавсиялар ишлаб чиқилди.

Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага