9 ноябрь 2022 1698

Ҳуқуқ ва эркинликлар устуворлиги таъминланмоқда

Янги Ўзбекистонни барпо этишда «Инсон, унинг қадри, ҳуқуқлари ва эркинликлари - олий қадрият» деган тамойил муҳим аҳамиятга эга.

Бу ҳар бир корхона, ташкилот, муассаса ўз фаолиятини инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга йўналтириши зарурлигини англатади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш тизими самарали йўлга қўйилган. Бугунги кунда фуқароларнинг мурожаатларидаги муаммоларни бартараф этиш борасида тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида кўплаб мурожаатларнинг ижобий ҳал қилинишига эришилди. Фикримизнинг тасдиғи учун айрим мисоллар келтирамиз.

Жорий йил 20 январь куни фуқаро Ф.Багаува Миллий марказга ариза билан мурожаат қилиб, Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида жойлашган «Дилроз» қўшма корхона шаклидаги масъулияти чекланган жамияти билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингани ва унга асоссиз равишда меҳнат дафтарчаси берилмаётганидан норозилик билдирган.

Вилоят прокуратураси ўтказган текшириш натижасида аниқланишича, 2019 йил 1 май куни фуқаро Ф.Багаува «Дилроз» қўшма корхонасига ходимлар бўлими инспектори вазифасига ишга қабул қилинган.

Ўтган йил 26 мартда ўз хоҳишига асосан, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Бироқ меҳнат дафтарчаси асоссиз равишда унга тақдим этилмаган. Шу боис жорий йилда «Дилроз» масъулияти чекланган жамияти директори вазифасини вақтинча бажарувчи Е.Ракитянскийга нисбатан Меҳнат кодексининг 108-моддаси талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги сабабли, вилоят Бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми билан маъмурий иш қўзғатилган.

Шунингдек, фуқаро Ф.Багауванинг манфаатини кўзлаб, меҳнат дафтарчасини қайта тиклаш ҳамда «Дилроз» МЧЖ ҳисобидан кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақини ундириш ҳақида Фуқаролик ишлари бўйича Юқоричирчиқ туманлараро судига даъво ариза киритилиши таъминланиб, қаноатлантирилган.

Миллий марказ томонидан фуқаро Малика Ражабованинг аризаси ҳам ўрганилиб, мазкур мурожаат юзасидан Бухоро вилояти прокуратурасига тавсия хати киритилган.

Бунинг натижасида М.Ражабовага «Аёллар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллион 80 минг сўмлик моддий ёрдам ажратилган, аёлнинг икки нафар вояга етмаган фарзанди учун 200 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули тўлаб берилган.

Буларнинг барчаси, шубҳасиз, Миллий марказ масъул ходимларининг янги давр талабларига мос ҳолда, аҳоли билан юзма-юз мулоқот асосида иш олиб бораётганидан, ана шу масъулиятли жараёнда инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминланишига алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолатдир.

Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, «Давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойил сўзсиз таъминланиши керак».

Фарида Ҳақбердиева, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош мутахассиси.

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага