26 апрель 2022 515

Ҳушёрлик хатарга қалқон

Кейинги пайтларда содир этилаётган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ва йўл-транспорт ҳодисаларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда автотўқнашувларнинг содир бўлишига ҳайдовчилар томонидан қўпол қоидабузарликларга йўл қўйиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилган ҳолда ва тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситасини бошқариш, рулда телефондан фойдаланиш каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари «Йўл ҳаракати қоидалари»ни қўпол равишда бузиш, эътиборсизлик, бир бирига ҳурматсизлик билан қараш, шошқалоқлик, чарчоқ билан автомашина бошқариш, қолаверса паришонхотирлик ҳолатлари ҳам бундан мустасно эмас.

Йўл-транспорт ҳодисалари деганда фақат тўқнашувни тушунмаслик керак. Ҳодисалар бир неча турларга бўлинади. Масалан, тўсиққа бориб урилиш, ағдарилиш, пиёдани туртиб юбориш, одам уриб юбориб воқеа жойидан қочиб кетиш ва шунга ўхшаш. Шунингдек, пиёдаларнинг йўлларни белгиланмаган жойларидан кесиб ўтиши ҳам юқоридаги каби ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

Жорий йилнинг ўтган уч ойида вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари томонидан автойўлларда аниқланган қоидабузарликлар учун 111765 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шундан қўпол қоидабузарликлар 47676 тани ташкил этган бўлса, транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган 974 нафар ҳайдовчилар ҳам аниқлангани ачинарли.

Бундан ташқари вилоят ҳудуди бўйлаб жиноятчиликни олдини олиш бўйича «Тиғ» профилактик тадбири давомида 84 та ҳолатда ўткир тиғли совуқ қуроллар олиб юриш ҳолатлари ва 5 та (бита) таёқ транспорт воситаларидан аниқлаб олинди. Бундан ташқари рангли металл маҳсулотларини ноқонуний ташиш билан боғлиқ 20 та, Вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳванд моддаларни аниқлаш билан боғлиқ 10 та, қидирувдаги 13 нафар шахслар ушланди.

Шунингдек, бошқарма Карантин хизмати ва вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда 1750 кг истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари тўхтатиб қолинди. Олинган гўшт маҳсулотлари вилоят Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги вилоят бўлимида лаборатория текширувларидан ўтказилганда, истеъмолга яроқсизлиги маълум бўлди.

Ушбу гўшт маҳсулотлари вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасининг тегишли хулосасига асосан куйдириш йўли билан йўқ қилинди.

Айни кезларда вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ саф тузилмалари томонидан Қашқадарё вилояти ҳудудида йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш, ҳайдовчиларни ҳушёр ва зийрак ҳолда автотранспорт воситаларини бошқариши учун қатор профилактик тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага