4 март 2021 4072

Ички ишлар органи ходимлари томонидан махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқи

Ички ишлар органи ходимлари томонидан махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқи:
(Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуни 2016 йил 16 сентябрь. ЎРҚ-407-сон 23 модда)

  • фуқарога ёки ички ишлар органи ходимига қилинган ҳужумни қайтариш учун;
  • жиноятга ёки маъмурий ҳуқуқбузарликка чек қўйишда;
  • ички ишлар органи ходимига қаршилик кўрсатилишига чек қўйишда;
  • жиноятни содир этиш чоғида ёки уни содир этганидан кейин дарҳол кўриб қолинган, яширинишга уринаётган шахсни ушлашда;
  • қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсни ушлашда;
  • ушлаб турилган шахсларни ва қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган шахсларни олиб бориш, қўриқлаб бориш ва қўриқлашда, шунингдек қочишга уринишини, атрофдагиларга ёки ўзига зарар етказишини бартараф этиш мақсадида;
  • зўравонлик билан ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган биноларни, хоналарни, иншоотларни, транспорт воситаларини ва ер участкаларини озод қилишда;
  • фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи оммавий тартибсизликларга ҳамда бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйишда;
  • ҳайдовчиси ички ишлар органи ходимининг тўхташ тўғрисидаги талабини бажармаган транспорт воситасини тўхтатишда;
  • жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этаётган ёхуд содир этган шахсларни аниқлашда;
  • муҳофаза қилинадиган объектларни ҳимоя қилишда, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсиб қўйишда.

Ички ишлар органи ходими қуйидаги махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга:

  • резина таёқлар — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи — олтинчи, саккизинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;
  • кўздан ёш оқизувчи моддалар, газли, шикастлантирувчи қурол — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи — олтинчи, саккизинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;
  • қўлкишанлар ёки бошқа боғлаш воситалари — ушбу модда биринчи қисмининг учинчи — еттинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;
  • махсус бўёвчи ва маркировка қилувчи воситалар — ушбу модда биринчи қисмининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;
  • электрошок қурилмалари — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи — бешинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;
  • хизмат ҳайвонлари — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи — еттинчи, тўққизинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;
  • чалғитма таъсир кўрсатувчи нур-товуш мосламалари — ушбу модда биринчи қисмининг саккизинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;
  • транспорт воситаларини мажбурий тўхтатиш воситалари — ушбу модда биринчи қисмининг тўққизинчи ва ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;
  • тинчлантириш кўйлаги — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи — олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;
  • сув билан зарба берувчи машиналар — ушбу модда биринчи қисмининг саккизинчи ва тўққизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;
  • зирҳли машиналар — ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи, саккизинчи ва тўққизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;
  • муҳофаза қилинадиган объектларни (ҳудудларни) ҳимоя қилиш, ғайриқонуний ҳаракатлар содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсиш воситалари — ушбу модда биринчи қисмининг ўн иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда;
  • тўсиқ-ғовларни бартараф этувчи воситалар — ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи, саккизинчи, тўққизинчи ва ўн биринчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда.

Ички ишлар органи ходими ушбу Қонунда ўқотар қурол ишлатишга рухсат этилган барча ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга.

Махсус воситаларнинг қўлланилиши учинчи шахсларнинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирмаслиги ва мол-мулкига зарар етказмаслиги керак.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно, шунингдек куч ишлатмасдан, жамоат тартибини, транспорт, алоқа воситалари ва ташкилотларнинг ишини бузмасдан ўтказилаётган ғайриқонуний йиғилишлар, митинглар, намойишлар, оммавий чиқишлар ва пикет қўйишларни бартараф этиш чоғида махсус воситаларнинг, шу жумладан газли ҳамда шикастлантирувчи қуролнинг қўлланилиши тақиқланади.

Қуйидагилар тақиқланади:

  • одамнинг бошига, бўйнига, ўмров суягига, қорнига, жинсий аъзоларига, юрак соҳасига резина таёқ билан зарбалар бериш;
  • ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича ноль даражадан паст бўлганида сув билан зарба берувчи машиналарни қўллаш.

Сув билан зарба берувчи ва зирҳли машиналар Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг оғзаки ёки ёзма қарори асосида қўлланилади, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар прокурорларига ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорларга дарҳол хабар берилади.

Ички ишлар органлари таъминотида бўладиган махсус воситаларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага