11 март 2021 4010

Ички ишлар органлари ходимларининг хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан фойдаланиши тартиби

(Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуни, 2016 йил 16 сентябрь. ЎРҚ-407-сон 40-модда)

Ички ишлар органлари махсус автотранспорт воситалари, шу жумладан ички ишлар органларига тегишлиликни билдирувчи махсус ёруғлик сигналларига ва товушли сигналларга, бўёқли рангли графика схемасига эга махсус автотранспорт воситалари, шунингдек бошқа махсус воситалар билан таъминланади.

Меҳнатнинг қатнов хусусияти билан боғлиқ бўлган хизмат мажбуриятларини бажарувчи ички ишлар органлари ходимларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда шаҳар йўловчи транспортидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) фойдаланиш учун ойлик йўл чипталари берилади ёки пуллик компенсация тўланади.

Хизмат сафарига юборилган ички ишлар органлари ходимларига транспортнинг барча турларига йўл ҳужжатларини сафар гувоҳномасини кўрсатиб навбатсиз олиш ҳуқуқи берилади.

Шахсий транспортдан хизмат сафарларида фойдаланадиган ички ишлар органлари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ва миқдорларда пуллик компенсация тўланади.

Ички ишлар органларининг молиялаштирилиши ва моддий-техника таъминоти

(Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуни, 2016 йил 16 сентябрь. ЎРҚ-407-сон 44-модда)

Ички ишлар органларининг молиялаштирилиши ва моддий-техника таъминоти, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади, бундан юридик ва жисмоний шахслар билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этиладиган бўлинмалар мустасно.

Ички ишлар органларининг жисмоний ва юридик шахслар билан тузилган шартномалар асосида ташкил этилган бўлинмалари ушбу шахслар ҳисобидан таъминланади.

Ички ишлар органлари ходимлари бепул формали кийим-бош билан таъминланади. Ашёвий таъминот нормалари, шунингдек формали кийим-бошни кийиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Ички ишлар органларида бюджетдан ташқари жамғарма ташкил этилиши мумкин, уни ташкил этиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

Ички ишлар органлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага