26 май 2022 487

Ички ишлар органларида шошилинч тиббий ёрдамнинг аҳамияти

Ички ишлар органи ходимлари ўз фаолиятлари давомида жабрланувчиларнинг турли даражада тан жароҳати олган ҳолатга дуч келадилар. Бундай шошилинч ҳолатларда ходимлар тез тиббий ёрдам кўрсатишлари зарур бўлади. Агар ички ишлар ходимида бирламчи зарурий тиббий билимларга эга бўлса, бу турдаги қалтис вазиятга ечим топа олади.

Жорий йилнинг 25 апрель куни Ички ишлар вазирлиги Касбий тайёргарлик бошқармаси Ўқув-дала марказида вазирлик Малака ошириш институти ўқув йиғини тингловчилари учун «Шошилинч ҳолатларда тез тиббий ёрдам кўрсатиш» маҳорат дарси ташкил этилди.

Тадбирда тингловчиларга инсонларда «клиник ўлим» содир бўлганда саросимага берилмасдан, вазиятга тўғри баҳо берган ҳолда ўпка-юрак реанимацияси ўтказиш юзасидан кўргазмали тарзда кўникмалар берилди.

Шунингдек, тиббий ходимлар томонидан ўмров, елка суяклари соҳасида очиқ ва ёпиқ синишлар содир бўлганда тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича кўргазмали машғулотлар ўтказилди. Ички ва ташқи артериал ва венус қон кетишлар ҳолатида биринчи тез тиббий ёрдам чора-тадбирлари тўғрисида тингловчиларнинг билимлари оширилди.

Эътиборли томони мазкур «маҳорат дарслари» тингловчилар орасидаги ички ишлар вазирлиги таркибига кирувчи марказий ва ҳудудий тиббиёт муассасаларининг офицерлик лавозимидаги ходимлари томонидан ташкил этилди. Мазкур тадбир тингловчиларда тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича кўникмаларини шаклланишига, келгусидаги хизмат фаолиятида юз берадиган шошилинч ҳолатларда тезкор ва тўғри йўл тутишларида дастурул амал бўлиб хизмат қилади.

ИИВ Малака ошириш институти

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага