Ички ишлар органларининг ҳаваскор жамоалари ўртасида «Санъатда ҳаваскор истеъдодлар» республика кўрик-танлови ўтказилади
Кўрик-танловга тайёргарлик жараёнлари жорий йил 25 август куни ИИВ Маданият саройида бошланади. 26 август куни танловда иштирок этадиган жамоаларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади. 27 август куни Вазирлик раҳбарияти томонидан ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, барча иштирокчи жамоаларни жорий йилнинг 25 август куни Тошкент шаҳрига Вазирлик Маданият саройига етиб келишлари талаб этилади.
Танловнинг асосий шартлари:
1. Таништирув шарти – жамоаларнинг ўзини таништириш характерига эга бўлган кўринишлар, ҳазил-мутойиба, куй-қўшиқ, рақс ва бошқа сатирик-юмористик саҳна кўринишлари уйғунлашган чиқиши.
Ушбу шартда чиқиш мазмунан жамоалар номи, хизмат жойи ёки ўзлари яшайдиган ҳудуд табиати, одамлари ҳаёти, ўй-кечинмалари, ходимлар орасида учраб турадиган салбий иллатларни юмор орқали танқид қилиш, жамоанинг бошқа ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумотлар, лавҳалар келтириш тартибида бўлади.
Мазкур шартда жамоалар чиқиши учун 10 дақиқа вақт ажратилади.
Бунда жамоалар чиқишларининг мазмуни, ҳазил-мутойибага бойлиги, қувноқлиги, ранг-баранглиги, куй-қўшиқ, рақс ижроси, иштирокчилар маҳорати баҳоланади. Танишув шарти 10 баллик мезонда баҳоланади.
2. Қўшиқчилик шартида – жамоа аъзолари мақом, бахшичилик ва эстрада йўналишларида якка ёки жамоавий таркибда қўшиқ ижро этишлари ва ушбу қўшиққа ўз ижодкорлиги асосида алоҳида клип ёки ролик намойиш этишлари лозим бўлади.
Мазкур шартда намойиш этиладиган клип ёки роликнинг қўшиқ билан уйғун ҳолатда ижро этилишига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, клип ёки роликда жамоа аъзоларидан бошқалар роль ижро этишига рухсат этилмайди.
Ушбу шартда жамоалар томонидан намойиш этилган клип ёки роликнинг мазмуни, ҳаётийлиги, ҳазил-мутойибага бойлиги, бадиий савияси, қувноқлиги, ранг-баранглиги, иштирокчиларнинг актёрлик маҳорати, танланган ғоянинг оригиналлиги каби хусусиятлар баҳоланади. Шарт 10 баллик мезонда баҳоланади.
3. Эркин мавзу шарти – мусиқалар, қўшиқлар, шеърлар, таниқли санъаткорлар қўшиқларига ўхшатмалардан кенг фойдаланган ҳолда, ҳаётда учрайдиган турли-хил қизиқ воқеликлар, иллатлар, камчиликлар кулгу остига олинган театрлаштирилган лавҳалар (кўринишлар)дан иборат чиқиш.
Ушбу шарт ижроси учун жамоаларга 10 дақиқа вақт ажратилади.
Таниқли санъаткорлар қўшиқларига ўхшатмалар қилинган тақдирда, қўшиқ сўзлари жамоалар томонидан ёзилиши ва ижро этилиши талаб этилади. Санъаткорларни камситишга йўл қўйилмаслиги керак.
Ушбу шартда жамоалар чиқишларининг мазмуни, ҳаётийлиги, долзарблиги, ҳазил-мутойибага бойлиги, мусиқа-қўшиқлардан самарали фойдаланилгани, қувноқлиги, ранг-баранглиги, иштирокчилар маҳорати баҳоланади. Шарт 10 баллик мезонда баҳоланади.