Аввал хабар берганимиздек Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ Фарғона вилоятида Давлат раҳбари топшириқларининг амалий ижросини таъминлаш чораларини кўрмоқда
Тадбир жараёнида асосий эътибор аҳолининг ижтимоий-иқтисодий, таълим, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва коммунал соҳадаги муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш ҳамда йўлларда инсон хавфсизлиги учун муносиб шароитларни яратиш, йўлларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш масалаларига қаратилмоқда.
Хусусан, ишчи гуруҳ ташаббуси билан вилоят ҳудудида жами 11466 та хонадонга суюлтирилган газ балон ва 232 тонна кўмир етказилиб, аҳолининг газ ва кўмир маҳсулотига бўлган эҳтиёжи қисман қаноатлантирилди.
Истеъмол бозорларидаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, озиқ-овқат захираларини яратиш ҳамда тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида вилоятда 173 та арзонлаштирилган ярмарка, шундан 2 таси бозордан ташқарида, 152 таси эса олис ҳудудларда ташкил этилиб, улар жами 78 тонна кундалик эҳтиёж истеъмол товарлари билан таъминланди.
Шунингдек, ўз маҳсулотини тўғридан-тўғри сотиш истагида бўлган 238 та томорқа ер эгаларига ўз маҳаллаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш учун савдо расталари ташкил этишга кўмаклашилди.
Ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, оилавий тадбиркорлик, ёшлар ва аёлларнинг ташаббускор лойиҳаларига кўмаклашиш мақсадида вилоят ҳудудида жойлашган барча мономарказлар, меҳнат ярмаркалари, коворкинг марказлари фаолиятининг натижадорлиги ўрганилиб, натижада 196 нафар фуқаролар доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 155 нафари касбга ўқитишга юборилди, 8 нафарига субсидия ажратилди ҳамда 14 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланди, шунингдек 308 нафар фуқаролар ўзини-ўзи банд қилиш, 45 нафари янги ташкил этилган, 105 нафари фаолияти тикланган тадбиркорлик субъектларда, 27 нафари бўш турган биноларни, 7 нафари кўп қаватли уйларининг ертўлаларни ижарага бериш орқали меҳнатга жалб этилди.
Вилоят ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўловчи ва ҳайдовчиларга қулайликлар яратиш мақсадида Фарғона ва Қўқон шаҳарларида қўшимча равишда 3 та светофор ва 123 та йўл белгилари ўрнатилди, 11 та светофор таъмирланди, 800 м пиёдалар йўлаги ва 65 км йўл ётиқ чизиқлари янгиланди, ноқулай ҳудудларда йўлни ажратувчи 100 метрдан зиёд тўсиқлар ўрнатиш каби ишлар амалга оширилди.
Шунингдек, маҳалларда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш аҳволи ва уларни қаноатлантириш даражаси танқидий ўрганилиб, бугунги кунда жами 62 та маҳалла фуқаролар йиғинларида 1069 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши ташкил этилди.
Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини Фарғона вилоятида давом эттирмоқда.