19 май 2023 1271

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Фарғона вилояти Фарғона шаҳридаги Тадбиркорлар марказида Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари аҳолиси учун оммавий сайёр қабули ўтказди

Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига асосан давлат органларининг раҳбарлари томонидан жойларда аҳоли мурожаатлари билан тўғридан-тўғри ишлаш ҳамда халқ билан очиқ мулоқот давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу вазифаларни амалий ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 19 май куни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов томонидан соҳа масъуллари иштирокида Фарғона шаҳридаги Тадбиркорлар марказида Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари аҳолиси учун оммавий сайёр қабули ўтказилди.

Қабул давомида аҳолидан турли масалаларда 278 та мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг 153 таси бевосита ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ, яъни 49 таси ички ишлар органларига хизматга қайта тиклаш, 46 таси суриштирув ва тергов ҳаракатлари билан боғлиқ муаммолар, 10 таси ички ишлар органларига ишга (ўқишга) кириш, 33 таси пробация ҳисобидаги шахсларни жазо муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш ҳамда 15 таси маҳкумларнинг бошқа жазони ижро этиш муассасасига ўтказиш масалаларидир.

Шунингдек, қабулда келиб тушган мурожаатларнинг 104 тасида ҳудуддаги иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ҳал этиш сўралган. Тадбир жараёнида 21 нафар фуқародан миннатдорлик мазмунидаги хатлар ҳам келиб тушган.

Мурожаатларнинг 189 таси (68 фоизи) ижобий ҳал этилиб, чуқур ўрганилиши талаб этилаётган 89 та (32 фоиз) мурожаатларнинг ижроси назоратга олинди.

Ўтказилган сайёр қабул жараёнида, аҳолининг мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда, 33 нафар пробация ҳисобида туриб тузалиш йўлига ўтган шахсларни муддатидан олдин шартли равишда жазодан озод қилиш учун ўрнатилган тартибда тегишли судларга тақдимномалар киритилди, 8 нафар суриштирув ёки дастлабки тергов ҳаракатларидан норози фуқароларнинг мурожаатлари қаноатлантирилди, 7 нафар собиқ ходимлар ички ишлар органларига қайта ишга тикланди ҳамда ички ишлар органларига хизматга кириш истагини билдирган 10 нафар фуқаролар навбатдаги танловда иштирок этишга рухсат этилди.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларнинг муаммолари ижобий ҳал этилиб, Фарғона шаҳри, Тошлоқ, Риштон, Фурқат, Қува, Олтиариқ, Бувайда, Данғара, Бешариқ ва Фарғона туманлари аҳолисининг 70 нафарига тикув машиналари топширилди, Қува туманида яшовчи олий ўқув юртларида ўқиб контракт пулини тўлашга қийналган 6 нафар талабаларнинг бир нафарига 5 млн. ва беш нафарига 3 млн. сўмдан контракт пуллари тўлаб берилди, 9 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг тўрт нафарига 5 млн. сўмдан ва тўрт нафарига 4 млн. сўмдан ҳамда бир нафарига 3,5 млн. сўм пул маблағлари ажратилиши таъминланди.

Ўзини-ўзи банд қилишини таъминлаш мақсадида Ёзёвон туманида яшовчи Абдурахмоновга юк ташувчи мотороллер, Тошлоқ туманида яшовчи Бахромовга пайвандлаш аппарати, Фарғона ва Марғилон шаҳарлари, Тошлоқ ва Фарғона туманларида яшовчи 10 нафар фуқароларнинг мурожаати бўйича уларнинг 8 нафарига ногиронлар аравачалари ва 2 нафарига эшитиш мосламалари топширилди.

Давлат органларининг барча даражадаги раҳбарлари томонидан аҳоли билан жонли мулоқотлар ва сайёр қабуллар бошқа вилоятларда ҳам давом этади.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага