Ичкиликбозликнинг фожиали якуни
Яқинда Марғилон шаҳрининг Пичоқчи маҳалласида ичкиликбозлик оқибатида мудҳиш жиноят юз берди.
Маълум бўлишича, шу маҳалладаги Хиёбон кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган бино ертўласидан 1960 йилда туғилган фуқаро танасида турли хилдаги жароҳат излари билан, жонсиз ҳолатда топилади.
Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида жиноятни Фарғона шаҳрида яшовчи 1985 йилда туғилган фуқаро содир этгани аниқланиб, ушланади.
Суриштирувлардан аён бўлишича, гумондор ва жабрланувчи аввалдан таниш бўлган ва жиноят содир этилган жойда бирга спиртли ичимлик ичишган. Шундан сўнг ўзаро жанжаллашиб, бири иккинчисига оғир жароҳат етказган. Оқибатда жабрланувчи воқеа жойида вафот этган.
Ушбу жиноят маҳалланинг ўзида вилоят прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи, тегишли мутасадди раҳбарлар ва кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди. Муҳокама жараёнида жиноятга ичкиликка ружу қўйиш сабаб бўлгани, маҳаллаларда жамоатчилик назоратининг сустлиги қаттиқ танқид остига олинди.
Муҳокама жараёнида маҳалла фаоллари, оқсоқолларнинг ҳам фикр мулоҳазалари, таклифлари тингланди.
Келгусида оғир оқибатли жиноятларнинг олдини олиш, ижтимоий криминоген вазиятни яхшилаш учун нималарга эътибор қаратиш кераклиги юзасидан зарур тавсиялар берилди. Фуқаролар огоҳликка чақирилди.
Абдувосит СИДИҚОВ, «Postda» мухбири.
Фарғона вилояти.