Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати ходимларига сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди
Аввал хабар қилганимиздек, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ билан 2021 йилнинг 5 октябрь куни тасдиқланган қўшма «Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати ходимларини тайёрлов курси бўйича» ўқув дастури асосида Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати ходимлари учун тизимли равишда тайёрлов курслари бўлиб ўтмоқда. Бугун навбатдаги ўқув жараёнлари ҳам якунига етди. Институтнинг Бектемир тумани базасида Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати ходимлари 90 соатлик назарий ва амалий машғулотларни ўзлаштирдилар.
Ўқув курси якунида тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификатлар топширилди.
Дарҳақиқат, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати ходимларини тайёрлов курсларида уларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарликларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, бу соҳада ўз билим ва кўникмаларини замонавий талаблар асосида ривожлантириб борилиши, иқтисодиётимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган энергетика тизими корхоналарининг хавфсизлигини таъминланишида алоҳида аҳамиятга эгадир.
ИИВ Малака ошириш институти