19 май 2022 233

ИИВ Малака ошириш институти Бектемир базасида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди

Тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирлар эл-юртимиз ҳаётида гўзал анъанага айланди. Ана шундай анъананинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти Бектемир базасида Касбий тайёргарлик ўқув курси тингловчилари ҳамда соҳада узоқ йиллар самарали хизмат қилиб, бугунги кунда нафақа гаштини суриб келаётган фахрийлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.

Мазкур учрашувда истеъфодаги полковник Фарҳод Муҳаммеджанов, истеъфодаги майор Ағзам Қурбонбоев, истеъфодаги подполковник Озодбек Худойқулов ҳамда фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Абдурасул Хасановлар иштирок этдилар.

Учрашувда институт бошлиғининг ўринбосари, полковник Баҳодир Улуғбеков сўз олиб, тингловчиларга ушбу учрашувнинг мазмун моҳияти тўғрисида тушунтиришлар бериб ўтди. Шундан сўнг, фахрийлар бирма-бир сўзга чиқиб тингловчиларга ўзларининг хизмат фаолиятлари давомида дуч келган ҳолатлар, юзага келган турли хил вазиятлар тўғрисида ҳикоя қилишди.

Ички ишлар органларида хизмат қилиш қийин, лекин шу билан биргаликда шарафли ҳамдир. - дейди, фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Абдурасул Хасанов. Негаки, ҳар қандай вазиятда ҳам халқининг ёнида туриш ва унга хизмат қилиш олий бурч. Ана шундай бурчни адо этишда эса ходимларга сабр-матонат, кучли ирода ва мустаҳкам соғлик, ақл-заковат ҳамда билим ҳамиша керак бўлади.

Меҳмонлар томонидан айтилган ҳар бир ўгит ва зарур тавсиялар тингловчилар томонидан юқори қизиқиш билан тинглангани учрашувнинг қизиқарли ўтганидан далолат. Ўқув-йиғини тингловчиларини ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ўтмишни унутмаган ҳолда бугунги замонга шукроналик ҳиссини уйғотишда мана шундай тадбирларнинг аҳамияти катта.

Учрашув сўнггида фахрийлар томонидан тингловчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага