22 ноябрь 2022 455

ИИВ Малака ошириш институти бошланғич касбий тайёргарлик ўқув-йиғини тингловчилари билан “Энг яхши китобхон” кўрик танлови ўтказилди

Китоб мутолааси инсон фикрлаши ва нутқ имкониятларини ошириши илмий жиҳатдан ҳам ўз исботини топганлиги бор ҳақиқат. Китобга ошно инсон кўп жиҳатдан бошқалардан фарқ қилади. Бундай шахслар зукко фикрлайдиган, муаммолар ечимини қисқа фурсатларда топа оладиган, хушфеъл бўлиши оддий ҳаётда ҳам ўз аксини топган. Айниқса, ёшлик давридан кўп китоб мутолаа қиладиган шахслар келгусида меҳнат фаолиятида ҳам бошқаларга нисбатан унумлироқ натижаларга эришадилар.

Мамлакатимизда фуқароларнинг китобга бўлган муҳаббатини ошириш, ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантириш мақсадида китобхонлик маданиятини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан Республика миқёсида “Ёш китобхон” танлови ташкил этилган бўлиб, мазкур танлов ёшларнинг барча ёш тоифаларида ўтказилиб келинмоқда. Мазкур танлов ёшларнинг китобхонликка иштиёқини ошириб, уларга ўзига хос мотивация бермоқда.

Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ўқув-йиғини тингловчилари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ва уларни маънавиятини ҳамда китобга бўлган меҳрини юксалтириш мақсадида мутахассислиги бўйича жамоаларга бўлинган ҳолда “Энг яхши китобхон” кўрик танлови ўтказилди.

Кўрик-танловни ўқув йиғини бошлиғи подполковник А.М.Абжалов кириш сўзи билан очиб бериб, бугунги танловнинг ҳакамлар ҳайъати аъзоси ҳамда тадбир меҳмони Ички ишлар вазирлиги маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти катта инспектори, катта лейтенант А.Ғ.Хошимбоев билан таништириб ўтди.

Шундан сўнг катта лейтенант А.Ғ.Хошимбоев, Ички ишлар органлари ходимлари ўқиши тавсия этилган 39 та турдаги ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари орасидан тингловчилар ўзлари севиб мутолаа қилган Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Мехробдан чаён”, Ўткир Хошимов “Дунёнинг ишлари”, “Икки эшик ораси” ҳамда Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асарлари бўйича савол-жавоб тариқасида  ўтказилишини, шунингдек ҳар бир жамоалар беш нафар тингловчилардан иборат бўлишини таъкидлаб ўтди.

Муросасиз кечган билимлар беллашувида, 3-ўринга Бошқа хизматлар  йўналиши тингловчиларидан ташкил топган жамоа, 2-ўринга Инспектор психолог йўналиши тингловчиларидан ташкил топган жамоа, фахрли 1-ўрин ҳамда кўрик танловнинг мутлақ ғолиблигига Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати йўналиши тингловчиларидан ташкил топган жамоалари лойиқ деб топилди.

Кўрик танловда ёш ички ишлар ходимлари китобга қанчалик ошно эканликларини намоён этдилар. Бу каби китобхонлик кечалари тингловчилар орасида китобга бўлган муҳаббат ҳиссини ошириб, уларнинг ҳаётга қарашларини, фикрлаш қобилиятини ўстиришга хизмат қилади.

ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага