ИИВ Малака ошириш институти тингловчилари иштирокида "Уч авлод учрашуви" ўтказилди
Тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган бундай маънавий-маърифий тадбирлар эл-юртимиз ҳаётида гўзал анъанага айланди. Ўзаро суҳбат ва мулоқотларда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига ғамхўрлик, меҳр-оқибат кўрсатилаётгани, инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айланган.
Ана шундай анъананинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўқув дала марказида Малака ошириш институтининг бошланғич касбий тайёргарлик ўқув йиғини тингловчилари ҳамда соҳада узоқ йиллар давомида самарали хизмат қилиб, бугунги кунда нафақа гаштини суриб келаётган фахрий иштирокида «Уч авлод учрашуви» ўтказилди.
Мазкур учрашувда Ички ишлар органлари сафида обрў-эътибор қозонган фахрий, Ички ишлар вазирлиги Академияси ходими, истеъфодаги генерал-майор Хаджиматов Ҳабибулло Рашидович иштирок этди.
Учрашувда, истеъфодаги генерал-майор Ҳ.Р. Хаджиматов сўзга чиқиб, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ёш авлодни тарбиялашда «устоз-шогирд» анънасига амал қилиш, устозларни улуғлаш, уларни орттирган тажрибаларидан унумли фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Юртимизда фахрийларга кўрсатилаётган эҳтиром, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликларни эътироф этди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби тадбирлар тизимда хизмат самарадорлигини ошириш, ўзаро соғлом рақобат руҳини шакллантиришда қўл келади. Қолаверса, олиб борилаётган ислоҳотлар билан кенг жамоатчиликни таништириш, улар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш борасида муҳим аҳамиятга эга.
Уюштирилган тадбир ёш ходимлар онгида ўз касбини севиш, Ватанга хизмат қилиш ва фахрийларга ҳурматда бўлиш туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати