14 февраль 2022 1215

ИИВ Тиббиёт бошқармаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг малакали шифокорлари иштирокида семинар-тренинг ўтказилди

Ҳозирги кунда тиббиёт билан спорт ҳамоҳанглигини кучайтириб, одамларни соғлом турмуш тарзига одатлантириш, аҳолининг умрини узайтириш масалалари энг долзарб масаладан бири ҳисобланади. Бугун ҳеч кимга сир эмас, эрта ёшдан бошлаб спорт билан мунтазам шуғулланадиган болаларгина жисмонан соғлом, бақувват бўлиб вояга етади.

Шу асосда ҳар бир ота-онанинг эзгу орзуси бўлмиш соғлом фарзанд ўстириш, аҳолимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш учун катта имкониятлар пайдо бўлади. Айнан ёшлик чоғидан спорт билан дўст бўлиш боланинг ўз устида ишлаши, характерининг тобланиши, мусобақаларда қатнашиш орқали қатъиятлик ва мардлик хусусиятларининг шаклланиши, ғалабага интилиши, таъбир жоиз бўлса, аввало, ўз устидан ғалаба қозониши, бир сўз билан айтганда, мустаҳкам иродага эга бўлиши учун пухта замин яратади.

Жорий йилнинг 7 февраль кунидан карантин чекловлари енгиллаштирилиши муносабати билан ўқув даргоҳларига анъанавий тарзда таълим бериш учун рухсат берилди. Шу муносабат билан ёшларни бадан тарбия ва спорт билан чиниқтириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги «Жар» спорт-соғломлаштириш комплексида Самбо, каратэ, теннис, таэквандо, бокс, рақс, кураш, шейпинг, гимнастика, қўл жанги, футбол ва бошқа спорт тўгараклари карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ўз ишини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ «ЖАР» спорт–соғломлаштириш комплексида фаолият юритаётган спорт тўгараклари мураббийларини тиббий малакасини ошириш жумладан спорт тўгаракларига қатнашаётган ёшларга машғулот вақтида бирон бир тан жароҳатлари олган вақтларида уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш юзасидан Соғликни сақлаш вазирлиги ва ИИВ Тиббиёт бошқармасининг малакали шифокорлари иштирокида семинар-тренинг ўтказилди. 

Ўтказилган семинар машғулотлар давомида жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш тўғрисида тушунтиришлар ва кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

«ЖАР» спорт-соғломлаштириш комплекси

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага