7 октябрь 2021 5593

Ижтимоий тармоқлар: ижобий ва салбий жиҳатлари

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Албатта, уларнинг ўзига яраша ижобий ва салбий жиҳатлари бор. Қолаверса ҳозирги пайтда интернет, уяли телефонлар орқали шахсни бадном қилувчи беҳаё тасвирларнинг тарқалиб, оммалашиб бораётгани дунё жамоатчилигини ташвишга солмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти тингловчилари билан Вазирлик Ташкилий департаменти Навбатчилик хизматларини ташкил этиш бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Отабек Шохакимов ва Ахборот технологиялар цикли катта ўқитувчиси, майор Шокир Шералиев ва цикл ўқитувчиси, лейтенант Жаҳонгир Рисқалиевлар иштирокида «Ижтимоий тармоқлар: ижобий ва салбий жиҳатлар» мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Семинарда интернет – катта бозор бўлиб, у ерда харидор ўзига керакли барча маълумотларни топиши, «ўргимчак тўри» дея ном олган виртуал олам орқали хоҳлаган суратларни кўриш ёки истаган видеофильмларни томоша қилиши, шунингдек, бу глобал тармоқ орқали ўзаро мулоқот қилиш, турли мавзуда фикр алмашиш, қолаверса ўзлари учун танишлар топиши мумкинлигига эътибор қаратилди.

Шунингдек, интернет ва ижтимоий тармоқларни тўла қоралаб ё оқлаб бўлмаслиги, кишилар ундан қандай мақсадда фойдаланаётганига қараб, ижобий ёки салбий баҳо берилиши, бугунги кунда “Facebook”, “Telegram”, “Youtube” каби бошқа ижтимоий тармоқларда анча-мунча фойдали маълумотлар ҳам борлиги тўғрисида маълумотлар берилди.

Дарҳақиқат, ўсмирларда 15–20 ёш ўзгариш даври бўлади. Интернетдаги беҳаёликни тарғиб қилувчи сайтлар, ҳамжамиятларга аъзо бўлиб, уларни доимий кўриб, кузатиб борувчи инсонлар, хусусан ёшлар у ердаги фотосуратлар, видеолавҳаларни кўриш нақадар салбий оқибатларга олиб келишини билмоқлари лозим.

Семинарда тингловчиларга бу борада келгусида хизмат фаолиятларини самарали ташкил этишда таклиф ва тавсиялар берилди. Тингловчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.

ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага