23 март 2020 5242

Ижтимоий тармоқларда ваҳимали ва ёлғон маълумот тарқатган айбдорга жарима жазоси тайинланди

Шу кунларда, баъзи ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 март кунидаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли Фармони талабларини қўпол равишда бузиб, айни вақтда республикамизнинг барча ҳудудларида коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин вақтида фуқароларни ваҳимага солувчи ва ҳуқуқ-тартиботни бузишга ундовчи миш-мишлар тарқалишининг гувоҳи бўлаяпмиз ва қайсидир маънода уларга ишониб ҳам қолаяпмиз.

Жорий йилнинг 20 март куни Сурхондарё вилояти ИИБ Тезкор қидирув ҳамкорлик бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-техник тадбирлар давомида “Telegram” мессенжеридаги "@GroupSurxondaryo" каналининг фойдаланувчиси “A N Z O R” деб номланган профиль эгаси 20 март куни соат 12:38 да "@GroupSurxondaryo" гуруҳига коронавирус ҳақида, яъни, “Jo`rabayevada Bor ekan 2 kishi aniqlandi 30 daqiqa oldin” деган мазмундаги одамларни чалғитувчи, жамиятда ваҳима уйғотувчи ёлғон маълумот тарқатганлиги маълум бўлди.

Тезкор қидирув ҳамкорлик бошқармаси масъул ходимлари томонидан қўшимча олиб борилган тезкор суриштирув ишлар натижасида “Telegram” мессенжерида “@GroupSurxondaryo” деб номланган гуруҳга ёлғон маълумот тарқатган “A N Z O R” номли профиль эгаси ва фойдаланувчиси Сурхондарё вилояти, Музработ туманида истиқомат қилиб, Термиз шаҳрида савдо шахобчаларининг бирида сотувчи бўлиб ишлаб келаётган фуқаро Анзоржон Бердиқулов эканлиги аниқланди.

Унга нисбатан қонунда белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Маъмурий ишлар бўйича Термиз шаҳар судига юборилди.

23 март куни Маъмурий ишлар бўйича Термиз шаҳар судининг қарорига кўра, фуқаро Бердиқулов Анзоржон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 205-моддасида кўрсатилган (Фавқулодда ҳолат тартиби шароитида жамоат тартибига тажовуз қилиш) ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баравари, яъни 1.115.000 (бир миллион бир юз ўн беш минг) сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Юқорида аниқланган миш-мишлар аҳоли ўртасида шов-шувларга сабаб бўлиб, халқимизнинг энг аввало бир-бирига бўлган ишончини, аҳиллигини, қолаверса, тинчлиги ва фаровонлигини бузишдан бошқасига ярамайди.

Азиз фуқаролар, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган турли мазмундаги норасмий маълумотларга ишонмасликларингизни сўраб қоламиз.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага