8 май 2022 1405

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига эҳтиром кўрсатилмоқда

Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, мислсиз йўқотишлар ва талафотларга сабабчи бўлган дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғинлардан бири сифатида инсоният тарихида муҳрланиб қолди. Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшди.

Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шу билан бирга, уруш даврида республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айланди. Айниқса, юртдошларимиз жанглар давом этаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган 1,5 миллиондан ортиқ кексалар, аёллар ва ёш гўдакларни бағрига олиб, оғир дамларда уларга беқиёс ғамхўрлик кўрсатди.

Юртимизда ҳар йили 9 май — хотира ва қадрлаш кунини кенг миқёсда нишонлашимиз ҳам айнан ана шу эзгу мақсадга йўналтирилган. Негаки иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларидан омон қайтган кексаларимизни қадрлаш ва эъзозлаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Бу йил ҳам 9 май — хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Президентимиз табригини уруш фахрийларига етказиш мақсадида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ҳамда бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийлар Тошкент шаҳар Миробод туманида истиқомат қилувчи уруш фахрийларини байрам муносабати билан табриклаш ва уларнинг ҳолидан хабар олиш учун уларнинг хонадонига ташриф буюришди.

Хусусан, 99 ёшли Вера Черванаева, 85 ёшли Маргарита Филанова, 96 ёшли Анна Топчий, 99 ёшли Пётр Корзон ва 96 ёши Ганиева Елизаветталарга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг байрам табриги бирма бир ўқиб эшиттирилди. Уларни моддий ва маънавий қўллаб қувватлаш мақсадида эсдалик ва қимматбаҳо совғалар, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 15 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилди. Фахрийлар билан дилдан суҳбат қурилиб, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида сектор раҳбарлари ва мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Дарҳақиқат босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва мардлик намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунларимиз учун жонини фидо қилган жасур юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини эъзозлаш ва фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш юртимизда эзгу анъанага айланган. Бугунги тадбирга ИИО масъуллари, ИИВ Академияси курсантлари, ИИВ Темурбеклар мактаби ўқувчилари, ИИВ оркестри ва Ашула ва рақс ансамбли жалб этилди.

Тинчлик ва осойишталикни тараннум этувчи куй қўшиқлар кекса нуронийларимизнинг кўнглини шод этиб, чинакам байрам тантаналарига айланиб кетди.

Шу каби тадбирлар ИИО нинг ҳудудий бошқармаларида ҳам ўтказилмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага