Иккинчи минтақавий ҳудуд 6-сон жазони ижро этиш колониясида давра суҳбати ўтказилди
Иккинчи минтақавий ҳудуд 6-сон жазони ижро этиш колониясига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Наманган вилояти минтақавий вакили, Наманган вилояти ИИБ Пробация бошқармаси, Юксалиш умуммиллий ҳаракати Наманган вилояти ҳудудий бўлими, Мадад ҳуқуқий маркази Поп туман вакиллари таклиф этилиб, “Маҳкумларни озодликка тайёрлаш ва турмушга мослаштириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир давомида дастлаб Наманган вилояти ИИБ Пробация бошқармаси ижтимоий мослаштириш ва профилактика гуруҳи МТБ инспектори капитан Жабборов Аброржон сўзга чиқиб, жазо муддатини белгиланган қисмини ўтаб озодликка чиққандан сўнг, ҳар бир ҳудудда пробация гуруҳи ходимлари фаолият юритаётганлиги, маҳкумларга жамиятда ўз йўлларини топиб, ҳаётини изга солишда бериладиган ёрдам ва имкониятларни тушунтириб ўтди.
Шундан сўнг, Oмбудсманнинг Наманган вилояти минтақавий вакили Валиев Жахонгир сўзга чиқиб, колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни Давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги билан табриклаб, «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз ” шиори остида байрамга тайёргарлик кўрилаётганлиги хусусида тўхталиб, жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳам ўзларининг яхши хулқи, юриш-туриши, виждонан меҳнати билан ҳисса қўшиш кераклиги тўғрисидаги маърузасини маҳкумлар эътиборига етказди.
Тадбир якунида Юксалиш умуммиллий ҳаракати Наманган вилояти ҳудудий бўлими инспектори Мухаммадиева Наргиза сўзга чиқиб, куни кеча Президентимиз билан тадбиркорлар ўртасида бўлиб ўтган очиқ мулоқот жараёни ва тадбиркорларга берилган имкониятлар тўғрисидаги фикрларини маҳкумлар эътиборига етказди ҳамда озодликка чиқаётган маҳкумлар ҳам ушбу имкониятдан фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши мумкинлигини айтди.
Тадбирдан сўнг, колонияга ташриф буюрган меҳмонлар томонидан сайёр қабул ўтказилди. Сайёр қабул давомида 16 нафар маҳкумлар мурожаат қилди. Мурожаат қилган маҳкумларнинг ҳаммасига қонунда белгиланган тартибда тушунтириш берилди ҳамда меҳмонлар томонидан колония маҳкумлар кутубхонасига фойдаланиш учун 35 дона китоблар беғараз ёрдам сифатида топширилди.
ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Ахборот хизмати