29 сентябрь 2022 708

Илм-фан ва таълимнинг инновациялашуви: Ўзбекистон ва жаҳон тажрибаси

Ички ишлар вазирлиги академиясида “Илм-фан ва таълимнинг инновацион ривожланиши: ҳозирги ҳолати ва тараққиёт тамойиллари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуман Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат илмий-тадқиқот институти, шунингдек юртимиз ва хорижнинг бир қатор етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

 Академия раҳбари Рустам Хатамов илмий-амалий анжуманнинг мақсад ва вазифаларига тўхталиб, мамлакатимиз илм-фани олдида турган устувор йўналишлар, ҳозирги глобаллашув даврида инновацион ривожланиш тенденцияларини амалиётга татбиқ этиш масалалари, бу борада миллий ва халқаро тажрибанинг ўзига хос жиҳатларига эътибор қаратди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб бориш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинган.

Концепцияда илм-фан соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш, ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига йўналтириш ва ютуқларини рағбатлантириш, илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини яратиш каби мақсадли кўрсаткич ва индикаторлар белгилаб олинган. Айни йўналишдаги вазифалар мамлакатимизни ислоҳ этиш ва янгилаш жараёнларини жадаллаштириб, “Учинчи Ренессанс” пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Тошкент шаҳридаги Амити университети ректори Бобур Абдуллаев, Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент филиали ижрочи директори Абдулла Мағрупов сўз олиб, илм-фан ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтдилар. Асосий маърузачилар қаторида Беларусь, Хитой, Ҳиндистон, Россия ҳамда Ўзбекистон вакилларининг чиқишлари тингланди.

Куннинг иккинчи ярмида халқаро анжуман иши сессияларга бўлинган ҳолда давом эттирилди. Халқаро ва маҳаллий экспертлар томонидан “Илмий ва таълим сиёсатининг стратегик йўналишлари: амалга ошириш тажрибаси, муаммолар ва истиқболлар”, “Фан, таълим ва амалиёт интеграцияси: инновацион ҳамкорлик”, “Олий касб-ҳунар таълими сифатини бошқариш ва мониторинг қилиш”, “Инновациялар ва замонавий педагогик технологиялар олий касбий таълим тизимида” каби йўналишлар доирасида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Замонавий илм-фан ва таълим соҳасидаги долзарб муаммоларнинг ечимларига қаратилган қатор таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу борада конференция якунларига бағишланган илмий мақолалар тўпламини чоп этишга келишиб олинди.

Айтиш жоизки, халқаро анжуман доирасида Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланди. Томонлар мазкур меморандум илмий-амалий ва инновацион ҳамкорликка кенг йўл очиб, соҳа учун малакали мутахассис ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини янада кенгайтиришда муҳим пойдевор бўлишини эътироф этдилар.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага