11 июнь 2022 895

Интерпол Geiger лойиҳаси – Қора денгиз, Кавказ ва Марказий Осиё минтақалари бўйича ишчи гуруҳи йиғилиши ўз поёнига етди

Жорий йилнинг 10 июнь куни Грузиянинг Батуми шаҳрида Интерпол Geiger лойиҳасининг Қора денгиз, Кавказ ва Марказий Осиё минтақалари бўйича ишчи гуруҳи билан учрашуви ўз ишини якунлади. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати ва Фанлар академияси Ядро физикаси институти вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.

Ушбу учрашувнинг асосий мақсади давлатларда радиоактив ва ядровий материалларни аниқлаш усулларини такомиллаштириш учун ўз имкониятларини яратишда кўмаклашиш ҳамда бу каби ҳодисаларга чора кўриш (аниқлаш, ўлчаш, маълумот тўплаш, далилларни йиғиш ва бошқалар), улар аниқланган ҳолатларда тергов тадбирларини ўтказиш бўйича керакли маълумотлар билан бўлишишдан иборат бўлди.

Тадбир давомида Батуми денгиз порти ва Батуми халқаро аэропортининг “Sarpi” назорат-ўтказиш пунктларида ядровий ва радиоактив метериалларни аниқлаш ва бундай вазиятларда керакли чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Унда 10 та давлатдан Интерпол Миллий марказий бюролари, Суд криминалистикаси хизматлари, ФВВ, Давлат хавфсизлик хизматлари, Ядро ва радиациявий хавфсизлик агентликлари ва қатор идораларнинг 100га яқин вакиллари иштирок этди.

Бундан ташқари, Geiger лойиҳаси ишчи гуруҳининг йиғилиши доирасида Тошкент Интерпол Миллий бўлими делегацияси ҳамда Тбилиси Интерпол ММБ ва ICPO Интерпол Бош котибияти вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Мазкур жараёнда турли соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, кенгайтириш ва тажриба алмашиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўз якунига етган тадбир фаолияти давомида жиноятчиликнинг барча кўринишларига қарши курашиш ва жаҳон ҳамжамиятида барқарорликни сақлашга интилаётган Интерполнинг роли ортиб бораётгани яна бир эътироф этилди.

Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага