Истеъмолга яроқсиз гўшт йўқ қилинди
Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ Карантин тадбирларини таъминлаш бўлими ва алоқадор идора масъуллари томонидан шаҳардаги «Чорсу» деҳқон бозори ҳудудида келиб чиқиши номаълум бўлган гўшт маҳсулотлари сотилишини олдини олиш мақсадида рейд тадбирлари ўтказилди.
Рейд давомида Тўрақўрғон туманида яшовчи 1974 йилда туғилган фуқаронинг автомашинасида ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмаган, ветеринария кўригидан ўтмаган гўшт маҳсулотлари борлиги аниқланди.
Вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш лабораторияси томонидан ушбу маҳсулотнинг сифати текширилганда унда меъёрдан ортиқ микрофлора мавжудлиги маълум бўлди.
Инсон саломатлигига жиддий зарар етказиши мумкин бўлган сифатсиз ва яроқсиз 70 килограммдан иборат гўшт ҳамда ёғ маҳсулотлари Наманган вилояти ИИБ ва масъул идора вакиллари томонидан йўқ қилинди.
Бозорларда сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз маҳсулотларни савдосига чек қўйиш, аҳоли орасида озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида вилоятнинг барча ҳудудларида рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати