23 июль 2022 2214

Жиззах вилоятида амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил этилди

Ўрганишлар давомида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ҳамда Бош прокурор ўринбосари, генерал-майор Шухрат Узақов бошчилигидаги идоралараро республика ишчи гуруҳи Жиззах вилоятида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, кўп миллатли халқимизнинг аҳил-иноқ яшашлари учун зарурий шароитларни яратиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган фаолиятини ўрганди.

Мазкур ўрганиш натижалари Жиззах вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси, бир қатор вазирликлар, Жиззах вилоятидаги бошқарма ва ташкилотлар, мудофаа ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари, олий ўқув юртлари масъуллари ва ички ишлар органлари фахрийлари иштирокида муҳокама қилинди. Танқидий руҳда ўтган йиғилишда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ҳамда вазир ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов сўзга чиқди.

Нотиқлар томонидан вилоятда жамоат хавфсизлиги концепциясини ҳаётга татбиқ этиш, секторларда аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш борасида анчайин нуқсонлар мавжудлиги билдирилди. Чунончи, электр, табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик суви таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Худди шундай, солиқлар ва бюджет тушумлари, корхона ва ташкилотлар қарздорликларини ундириш билан боғлиқ кўрсаткичларни қониқарли, деб бўлмайди.

265 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётгани аниқланган. Инвестиция дастурларига дохил ҳисоботларда иш ўринлари сони ошириб кўрсатилган. 525 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари тўлов терминалларига эга эмас. Банкоматлар сонининг камлиги нақд пул билан боғлиқ оворагарчиликларни юзага келтирмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратишдаги камчиликлар нархлар ортишига сабаб бўлмоқда. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасидаги аҳвол ҳам кўнгилдагидек эмас. Вилоятда профилактика инспекторларини уй-жой билан таъминлаш, жойларда наркология шохобчалари фаолиятини йўлга қўйишга доир режа ва топшириқлар қониқарли бажарилмаган.

Йиғилишда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ҳамда бир қатор масъул ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари сўзга чиқди. Бу жараёнда ишига масъулиятсизлик билан ёндашган мутасаддиларга чора кўрилиши ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш муддатлари белгиланди. Қисқаси, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш, жамоат хавфсизлиги ва осойишталикни таъминлаш, миллатлараро ҳамжиҳатликни кучайтириш, жамиятга зарар етказувчи ҳар қандай турдаги омилларни бартараф қилиш учун куч ва имкониятларни тўла сафарбар этишга келишиб олинди.  

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага