Жорий йилнинг 23 февраль куни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов томонидан Наманган вилоятида ички ишлар органларининг хизмат фаолиятига оид тезкор йиғилиш ўтказилди
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят ҳамда шаҳар ва туман сектор раҳбарлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг мутасаддилари иштирок этдилар.
Жараёнда ҳисобот даврида жиноятчиликка қарши кураш масалалари ҳамда жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган вазифаларнинг ижроси муҳокама этилди.
Шунингдек, йиғилишда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, «Хавфсиз ва равон йўл» дастури доирасида амалга оширилган ишлар, жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ҳамда бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди.
Вилоят ҳудудида содир этилаётган жиноятларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш мақсадида ҳар бир туман-шаҳар ИИБ бошлиқлари ва мазкур ҳудудларга бириктирилган вилоят ИИБ раҳбар ходимлари томонидан маҳаллаларни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудларга айлантириш, аҳолини рози қилиш, уларнинг мурожаатларини ечимига эътибор қаратиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Йиғилишда ташкилий масалалар кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан полковник Раҳмонов Шавкат Наврузович Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари - Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимига тайинланганлиги эълон қилинди. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига полковник Алиев Шуҳрат Ҳасанович тайинланди.
Тадбирда кўтарилган муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар бўйича соҳа фахрийлари ва мутахассислар сўзга чиқиб, таклиф ҳамда мулоҳазалар билдирдилар.
Янги тайинланган вилоят ИИБ раҳбарига аниқ топшириқлар берилди.
ИИВ Ахборот хизмати