5 май 2022 461

Касбига содиқ касбилик инспектор

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Касби туманидаги «Қамаши» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, бу ерда «Обод маҳалла» дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, ҳудуд профилактика катта инспекторининг фаолияти билан яқиндан танишди. Мавжуд муаммоларни шу ернинг ўзида, ҳамкорликда ҳал қилиш чоралари кўрилгани, ҳудудда сўнгги уч йил мобайнида биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани аҳамиятга молик.

Профилактика катта инспекторининг бундай ижобий натижаларни қўлга киритгани давлатимиз раҳбари томонидан эътироф қилинди. Унинг иш тажрибасини бошқа ҳудуд профилактика инспекторларига намуна сифатида кўрсатиш, оммалаштириш зарурлиги қайд этилди.

Касбига содиқлиги, хизматдаги ижобий кўрсаткичлари инобатга олиниб, туман ИИБ ЖХХ ҲПБ 45/20-сонли ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика катта инспектори, майор Авлиёқул Фармоновга муддатидан олдин рағбатлантириш тариқасида «подполковник» махсус унвони берилди.

Мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилиб, соҳани чин маънода халқчил тизимга айлантириш борасида ислоҳотлар амалга оширилаётгани бор гап, - дейди қаҳрамонимиз.

Жумладан, Президентимиз мулоқот чоғида хизмат фаолиятим, яратилган шарт-шароитлар, маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида қилинаётган ишлар билан обдан қизиқдилар, қимматли тавсияларини бердилар. Ҳаётимда унутилмас воқеага айланган мазкур учрашув, самимий мулоқот менга янги куч-ғайрат, шижоат бағишлади. Шу боис келгусида маҳалла тинчлиги ва осойишталиги йўлида янада фидойилик билан, астойдил хизмат қиламан, дея ваъда бера оламан.

Маҳаллада 1071 та хонадон, 1350 та оила мавжуд. Уларда 6 мингдан ортиқ фуқаро истиқомат қилади. Аҳоли асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади.

Кейинги йилларда катта кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, ҳудуд том маънода чирой очди. Бугун маҳалла гузарида ахборот-ресурс маркази, интернет кафе, тикувчилик цехи, суратхона, аёллар ва эркаклар сартарошхонаси, банк шохобчаси каби қатор маиший хизмат кўрсатиш марказлари аҳоли хизматида.

Бу гўша аҳолиси ободликни кўнгилдан бошлаган, десак, муболаға эмас. Қишлоқ туман марказидан қарийб 8 километр олисда жойлашган. Ана шу масофанинг икки томони ҳам тўлиқ обикор ерлар бўлиб, мевали ва манзарали дарахтлардан иборат.

Ёшларни спортга жалб этиш ишлари ҳам кўнгилдагидек. Айни пайтда, ўнлаб ўғил-қизлар мини футбол, волейбол, баскетбол, шахмат, шашка, миллий кураш, каратэ, самбо тўгаракларида спорт билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.

Ҳудудда жойлашган 15-ўрта умумтаълим мактабида ҳам ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун шарт-шароитлар яратилган. Мактаб ўқувчилари орасида фан ва спорт олимпиадалари ғолиблари етишиб чиқмоқда.

Профилактика катта инспектори, подполковник Авлиёқул Фармонов маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда профилактик тадбирларни бир зум бўлсада, сусайтиргани йўқ. Шу боис ҳудудда турли оқимларга кириб қолганлар, спиртли ичимликка муккасидан кетганлар, нотинч оилалар умуман йўқ.

Фуқаролар бандлиги таъминланаётгани жиноятчиликни жиловлашда муҳим омил бўлмоқда. Қолаверса, аҳоли, жумладан, ёшлар иштирокида ақидапарастлик, гиёҳвандлик, одам савдоси ҳамда жиноятчиликнинг бошқа турлари салбий оқибатлари тўғрисида мулоқотлар уюштирилмоқда.

Уларда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам қатнашиб, турли иллатларнинг салбий оқибатлари жонли мисоллар асосида тушунтирилмоқда. Бундай профилактик тадбирлар ҳам бесамар кетмаяпти, - дейди подполковник Авлиёқул Фармонов.

Хуллас, обод ҳудудда профилактика катта инспектори ва кенг жамоатчилик вакиллари бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда ишлаётгани фуқароларнинг осойишта турмушига замин бўлмоқда.

Содиқ Раҳимов, «Postda» мухбири. Қашқадарё вилояти.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага