22 июнь 2022 191

Кучли маънавий қалқон

Ҳозирги кунда нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида энг катта муаммо бу шубҳасиз хавфсизликдир. Шундай экан, хавфсизликни таъминлаш учун нима қилиш керак? Бу савол айни пайтда ҳаммамизни чуқур ўйлантириши лозим.

Ҳа, албатта, биз ривожланамиз, янгиликка интиламиз, бу табиий ҳол аммо нималардадир оқсашларимиз ҳам бор. Турли миллатли диёрда яшаяпмиз. Юртимизда бизлар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Конституциямизда «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади», деб белгиланган. Демак, қонуний жиҳатдан ҳимоя остидамиз.

Фарзандларимизни илм олишга қизиқтириш, буюк аждодларимиз тарихини, қадриятларини, ўгитларини ўргатиш орқали мафкурасини шакллантирсагина, ҳар қандай хавф-хатарга дуч келган чоғларида улардаги кучли маънавий қалқон табиий равишда мудофаа вазифасини ўташни бошлайди. Ўзини ҳимоя қилишга қурби етган ҳамда ўзлигини англаган шахсгина ўзи яшаётган жамият ва қолаверса она Ватанини ҳимоялаш кучига эгадир.

«Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас» (Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 12-модда).

Ватанимиздаги ҳар бир шахс қарийб 30 йил давомида айнан юқорида кўрсатиб ўтилган қонун доирасида ривожланиб келмоқда. Бу бизнинг маънавий-маърифий ҳамда сиёсий ютуғимиздир. Чунки фақат фикрлар хилма-хиллиги инобатга олинган жамиятдагина маънавий бўшлиқлар пайдо бўлмайди, миллатлараро тотувлик сақланади ҳамда диний бағрикенгликка йўл очилади. Ҳеч замонда ҳали муаммолар ечимига бир томонлама ёндашган давлат ижтимоий, маънавий-маърифий ҳамда сиёсий жабҳаларда юксак бўлмаган. Ўзининг ғараз ва қабиҳ иқтисодий манфаатларини кўзлайдиган ва шу йўлда бегуноҳ одамларни қурбон қиладиган, фикр доираси саёз жамият ёки мамлакат бориб-бориб емирилиб, ўз-ўзини барбод қилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, инсон бу - улуғ зот. Унинг манфаатлари ва ҳуқуқлари биринчи ўриндадир. Асосий қонунимизнинг 13-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади».

Аммо шуни ҳам назарда тутиш керакки, Ватанимиз аҳолисининг аксариятини ёшлар ташкил этади. Интернет-ахборот манбалари очиқ бўлган ҳозирги пайтда ҳали оқ-қорани таниб улгурмаган ёшларнинг турли-туман бузғунчи оқимларга, гуруҳларга шўнғиб кетиш хавфи жуда кучли.

Бунинг олдини олишда оиланинг жипслиги ҳамда ота-онанинг ўз фарзандига бўлган муносабати катта роль ўйнайди. Чунки боланинг ривожи ва камол топиши ўз оиласидан бошланади. Биз ота-оналар, ҳозирги мураккаб шароитда ворисларимизнинг ҳар бир қадамини назорат остига олмасак бўлмайди. Бу - замон талаби. Айнан биз уларга бевосита жавобгармиз.

Буюк аждодларимиз тарихи минг йилларга бориб тақалади. Улар қолдирган бебаҳо мерос, китоб, қўлёзмаларнинг сони чексиз. Биз ҳақиқатан ҳам шу азиз ва пок ерда улғаётганимиздан бахтлимиз. Чунки бизнинг боболаримиз - бу дунёни лол қолдирган улуғ шарқ мутафаккирлари, файласуфлари, олимларидир.

Улардаги юксак маънавият, таълим-тарбия, бағрикенглик, самимийлик, зукколик ва билимдонлик, дунёқарашларининг кенглиги, илмларининг бепоёнлиги ва энг аҳамиятлиси инсонпарварликлари дунё аҳлини лол қолдириб келмоқда.

Буюк бобокалонларимизнинг айнан ана шу фазилатларни ўзларида мужассамлаб, юракларида муҳрлашлари улар учун комил инсон бўлишда ягона қонун ҳисобланган.

Биз ҳам ҳозирги ва келажак авлодимизни энг аввало аждодларимиздан қонимизга цинган мана шу қонунлар асосида тарбияласак, ўз олдимизга қўйган барча мақсадларга, албатта, етамиз.

М.Рашидова, Д.Намозова Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети Тилларни ўрганиш кафедраси доцентлари.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага