15 сентябрь 2021 4943

Кун қаҳрамони: ёш ходимнинг хизматда шаклланиши

Фейсбук ижтимоий тармоғидаги «Юнусободликлар» гуруҳида «Афанасий Боршов” исмли фойдаланувчи Юнусобод тумани 2-кварталида жойлашган 37-сон уйда яшовчилар номидан хабар қолдирди. Хабарда 3-сон ИИБ 405-сон маҳалла пункти профилактика инспектори катта сержант Санжар Нурмуродов ҳамда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларига, «Мумтоз сервис» МЧЖ ишчиларига уйнинг 11 та хонадони эгаларининг мулкини сақлаб қолишда кўрсатган ёрдамлари учун миннатдорчилик билдирилган. ...21 август куни эрталаб катта сержант Санжар Нурмуродовга 16 қаватли 37-сон уйда яшовчи фуқаролар мурожаат қилишди. Фуқаролар 12-қаватдаги хонадонлардан бирида сув ўтказиш қувуридан сув оқаётганини, оқибатда паст қаватдаги хонадонларда сув тошаётганини маълум қилишди.

Аниқланишича, хонадон эгаси узоқ вақтга хорижга жўнаб кетган экан. Фуқароларни тинглагач, профилактика инспектори зудлик билан Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва коммунал-эксплуатацион хизмат ходимларини чақирди. Олиб борилган ишлар натижасида қувур таъмирланиб, муаммо бартараф этилди. Бу профилактика инспекторининг кундалик ишларидан бири холос.

Катта сержант С. Нурмуродов бу касбни танлашида унинг отаси, 25 йил ИИО ходими бўлиб хизмат қилган истеъфодаги сержант Суннатилла Бобоназаровнинг ўрни беқиёсдир. Жорий йилнинг баҳорида Санжар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмасида хизматга қабул бўлаётгани ҳақида хабар топди ва 2021 йил 19 июль кунидан профилактика инспектори сифатида хизматни бошлади. С. Нурмуродов Юнусобод тумани “Хусниобод” маҳалласида хизмат олиб боради. Унинг хизмат тажрибаси катта бўлмаганлигига қарамасдан, маҳалла аҳолиси билан ишончли алоқа ўрнатишга улгурди. “Хусниобод” маҳалласида 7,6 минг кишидан ошиқ аҳоли истиқомат қилади.

Маҳалла фаоллари билан инспектор ўз ҳудудини кўздан кечириб, турли хил ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиб, муаммоларга ечим топиш билан шуғулланади. Унинг устозлари – катта лейтенантлар Жавоҳир Маликов ва Муҳаммаджон Манноповлар унга ёрдам бериб туришмоқда. Ҳар куни эрталаб профилактика инспектори Санжар Нурмуродов хизматга чиқиб, фуқаролар муаммоларини тинглаб, уларга ечим топишга ҳаракат қилади.

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага