22 январь 2022 614

Маҳаллабай ишлашнинг янги тизими жорий қилинмоқда

Жорий йилнинг 15 январида республикамиз Президенти раислигида маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди ва давлат идоралари масъулларига бир қатор топшириқлар берилди. Шу маънода Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи аҳоли пунктларида бўлиб, инсонлар турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш тадбирлари ҳамда ишбилармонлар фаолияти билан танишяпти.

Жумладан, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров дастлаб Пахтакор туманидаги Дилором маҳалласида бўлди. Бу ерда ноқонуний иншоотларни бузилиб, чиқиндилар олиб чиқилмоқда. Очиқ айтиш керак, 4 минг 544 нафар фуқаро истиқомат қиладиган, 56 та кўп қаватли уй ҳамда 83 та ҳовлига эга мазкур маҳаллада тозалик борасидаги вазиятни яхши, деб бўлмайди. Худди шундай, турар жойларнинг ташқи кўриниши ҳам кўнгилдагидек эмас. Лекин тез орада ҳаммаси ўзгариши аниқ. Чунки давлат раҳбари топшириғи асосида Пахтакор туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор штаби аъзолари вазиятни ўнглашга астойдил киришганлар.

Чунончи, қисқа муддатларда ҳудуддаги кўп қаватли уйларни таъмирлаш, йўлларга шағал ётқизиш режалаштирилган. Ҳолатига кўра, электр, сув ва газ тармоқлари янгиланади ёки созланади. Аҳолини банд қилиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам яхшигина мўлжаллар бор. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи шу жойда ҳокимлик ва коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари раҳбарлари билан мулоқот ўтказиб, ободонлаштириш, қурилиш ва таъмир ишларига қўшимча техникалар, ёнилғи маҳсулотлари ажратиш, кўчаларга шағал етказишни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, 3-сектор раҳбари ҳоким ёрдамчилари билан гаплашиб олди. Бу жараёнда асосий эътибор тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринлари яратишга оид масалаларга қаратилди. Сўнг вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Зафаробод туманининг Узун қишлоқ фуқаролар йиғинидаги тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашди.

Чунончи, интенсив усулда балиқ етиштириш устида иш олиб бораётган Шерзод Зокировнинг фаолияти билан танишилди. Ушбу тадбиркор 10 минг дона балиқ парваришлаш имконини берувчи 10 сотихлик сунъий ҳавзани юзага келтирмоқда. Яна бир узунлик 71 ёшли Баҳодир Ҳамроев ҳовлисидаги 3 сотих майдонга эга иссиқхонадан йилига 2 марта ҳосил оляпти. У бу йил яна бир иссиқхона қуради. Бобонинг таъкидлашича, янги иссиқхона замон талабларига мос бўлади.

Шунингдек, 3-сектор раҳбари 45 сотих майдонда иссиқхона қурган Бўрибой Сарибоев билан мулоқот ўтказди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи эски бино ўрнида болалар оромгоҳи очмоқчи бўлган тадбиркор фаолияти билан ҳам танишди. Қисқаси, ишбилармонлар муаммолари ўрганилди, фаолиятни янада кенгайтириш ҳамда улар тажрибасини ёйиш бўйича ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

Шу куни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Арнасой туманидаги Мирзо Бобур маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам борди. Мазкур маҳаллани қисқа муддатларда обод қилиш кўзда тутилаётир. Ҳудудда ҳозирда 10 дан ортиқ қурилиш техникалари ишламоқда. Тез орада маҳаллада аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга киришилади. Айтиш жоиз, инсонлар турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилган бундай тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида амалга ошириляпти.

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага