Мақсад – қайта тарбиялаш
Фарғона вилояти ички ишлар органлари пробация хизмати томонидан назоратдаги шахсларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, уларни қайта тарбиялаш, жамиятга, ижтимоий ҳаётга мослаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йил бошида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда қўшма қарор асосида ўзаро алоқа ва ахборот алмашинуви яхшиланди.
Назоратдаги ҳар бир шахс билан индивидуал иш олиб борилди. Натижада ўз хатосини тушуниб, жазодан тегишли хулоса чиқарган ҳамда тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар сони ортди. Жумладан, тайинланган жазони ўташ тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя қилган ва тузалиш йўлига ўтган 2407 нафар назоратдаги шахс муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
Назоратдаги шахсларнинг 3163 нафари ишга жойлаштирилди. 985 нафарининг соғлиғини тиклашда, 980 нафари моддий ёрдам олишида, 22 нафари ўқишга киришида, 771 нафарига маиший масалаларда, 1333 нафарига бошқа масалаларда амалий ёрдам кўрсатилди.
Бундан ташқари, муайян касбга эга бўлмаган 54 нафар маҳкум ўқув курсларига йўналтирилиб, қайта касб-ҳунарга ўқитилди ва эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштирилди.
Масалан, Риштон тумани «Бўстон» МФЙда яшовчи ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган Равшанбек Латипов Фарғона шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш марказининг автомобилсозлик йўналишида ўқитилиб, ишга жойлаштирилди.
Президентимизнинг 2022 йил 29 июндаги «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, эндиликда пробация ҳисобидаги шахслар нафақат ишлаши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши ҳам мумкин. Агар уларда шундай истак туғилса, қарор талабларига кўра молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланади.
Жумладан, Риштон тумани «Зоҳидон» маҳалласида яшовчи ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ажрим қилинган Ғайрат Ғоппоровга оилавий корхона очиб, фаолиятини кенгайтириш учун 10 миллион сўм миқдорида субсидия маблағи олиб берилди.
Бешариқ тумани ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобида турувчи 6 нафар аёл туман марказий поликлиникасида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди ва уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Туманнинг «Ворух дашт» маҳалласида яшовчи фуқаро, ахлоқ тузатиш жазосини ўтаётган Абдусаттор Хонимқулов эса ноябрь ойи бошида пробация хизмати ходимларининг амалий ёрдами билан «Fergana special trans» масъулияти чекланган жамиятига ишга жойлашди.
Бу каби амалий чора-тадбирларнинг барчаси назоратдаги шахсларни қайта тарбиялашга, улар ўртасида такроран жиноят содир этилишининг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Равшанбек Холдоров, подполковник. Абдувосит Сидиқов, «Postda» мухбири. Фарғона вилояти.