2 апрель 2022 656

Мақсадга айланган иштиёқ

Мардонбек Отажонов йигитлик бурчини ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Тошкент шаҳрида жойлашган 7531-ҳарбий қисмда ўтади. Бу ердаги тартиб-интизом, ҳарбий хизматчиларнинг бир-бирига бўлган ҳурмат-иззатини кўрган йигитнинг қалбида ҳарбийликка иштиёқ уйғонади.

Шунинг учун муддатли ҳарбий хизмат поёнига яқинлашганда, хизматни шартнома асосида давом эттириш мақсадида билдирги билан қўмондонликка мурожаат этиб, синов ва имтиҳонларнинг барчасидан муваффақиятли ўтади.

Профессионал Ватан ҳимоячиси сифатида илк фаолиятини мазкур ҳарбий қисм таъминот батальони ҳайдовчиси лавозимида бошлаган ҳикоямиз қаҳрамони кейинроқ олий маълумотли мутахассис бўлиш учун ўша пайтдаги ИИВ Тошкент олий ҳарбий техника билим юртига ўқишга киради. Таълим муассасасида соҳага оид билим ва кўникмаларни пухта эгаллаган М.Отажонов вазирлик қўшинларининг тактик қўмондонлиги мутахассислигини эгаллайди.

Хизмат фаолиятини пойтахтимиздаги 7534-ҳарбий қисм жанговар гуруҳ командирининг махсус тайёргарлик бўйича ўринбосари лавозимида давом эттирган ёш офицер сафдошларига ҳар жиҳатдан намуна бўлиб, зиммасидаги вазифаларни аъло даражада бажаради.

Шунингдек, жамоат ишларида ҳам фаол қатнашиб, ҳарбий қисм миқёсида ўтказилган турли спорт мусобақалари ва тадбирларда юқори натижаларни қўлга киритади.

Ўзининг ҳаракатчанлиги, тиришқоқлиги ва уддабуронлиги билан раҳбариятнинг эътиборига тушади. Аввалига, батальон махсус вазифаларни бажарувчи сафарбар взводи гуруҳ командирининг ўринбосари, ўтган йилнинг апрель ойидан эса назоратчилар взводи командири лавозимига муносиб кўрилади.

Мардонбек Отажонов ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш билан биргаликда, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Унинг муваффақиятларга эришишида устози, ҳозирда ҳарбий қисм тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлинмаси бошлиғи, майор Абдурасул Абдунабиевнинг хизматлари катта бўлди.

Капитан Мардонбек Отажоновдаги танлаган касбига бўлган кучли қизиқиш ва иштиёқ туфайли малакали мутахассис бўлиб етишди, - дейди А.Абдунабиев. - У бугунги кунда ҳам изланишдан тўхтагани йўқ, кўплаб шогирдлар тарбиялаб, соҳа равнақи йўлида тинимсиз ҳаракат қилаётир.

Мардонбек турмуш ўртоғи Олтиной билан фарзандлар тарбиясига ҳам жиддий эътибор қаратмоқда. Хизматдан бўш пайтларини оила даврасида ўтказиб, улар билан табиат қўйнига саёҳат қилади. Фарзандлари билан уларнинг орзу-ниятлари ҳақида дилдан суҳбатлашади.

Шунингдек, яқинлари, маҳалладаги бемор ва нуронийлар ҳолидан хабар олиб, улардан ёрдамини аямайди.

Михли Сафаров, «Postda» мухбири.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага