«Масъулиятни доим ҳис қилиб тураман»
Бугун мамлакатимизда Қуролли Кучларга эътибор кучайтирилаётгани, ҳарбий хизмат нуфузини оширишга оид комплекс чора-тадбирлар кўрилаётгани, шунингдек, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича кўплаб эътиборга молик ишлар амалга оширилаётгани қувонарли ҳолат.
Зеро, она Ватанга хизмат қилишни ўзининг шарафли бурчи деб билган мард ўғлонларимиз садоқат ва жасорат намуналарини кўрсатаётгани кишига мамнуният бағишлайди.
Тергов изоляторида сақланаётган Б.Анвар билан учрашувга унинг отаси келди. У қоровул бошлиғи, I даражали сержант Мавлонжон Ботировнинг «Ёнингизда ман этилган буюмлар борми?» деган саволига, «йўқ» дея жавоб қайтарди. Эркакни текшириш вақтида эса унинг ички чўнтагидан қарийб 10 минг АҚШ доллари топилди.
Адвокат ўз ҳимоясида бўлган Д.Аҳмаджон билан учрашиш мақсадида тергов изоляторига келиб, терговдаги ушбу шахс учун ичкарига сим-карта, флеш-карта ва чип олиб киришга уринди. Аммо ҳарбий хизматчининг огоҳлиги ва зийраклиги туфайли адвокатнинг нияти амалга ошмади.
ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7553-ҳарбий қисм қоровул бошлиғи, I - даражали сержант Мавлонжон Ботировнинг хизмат фаолияти давомида бу каби ҳодисалар озми-кўпми учраб туради.
Қўрғонтепа туманида серфарзанд оилада дунёга келган Мавлонжон 2002 йилда ички ишлар органига хизматга қабул қилинди.
2007 йилдан эса ИИВ Қоровул қўшинларининг 7554-ҳарбий қисмда шартнома асосида хизматни давом эттириб келяпти.
I даражали сержант Мавлонжон Ботиров хизмат йиллари давомида бир қатор шогирдларни тарбиялади. II даражали сержант Дилшод Сотволиев, сержант Фарёд Юлдошев, кичик сержантлар Илҳом Жўраев, Шерзод Алиев, оддий аскар Исоқ Ширинов шулар жумласидандир.
Мавлонжон қийин дамларида унга ёрдам берган, ўзининг бой тажрибаси билан ўртоқлашган устози - катта сержант Мамажон Ашиевни ўзгача меҳр билан эслайди.
Мавлонжон Ботировнинг икки укаси ҳам унинг ортидан кетган. Ўртанча укаси Мирзоҳид контракт асосида белгиланган муддатли хизматни ўтаб, ҳозир пенсияга чиққан. Кичик укаси Музаффар эса 3-сонли тергов изоляторида назоратчи бўлиб хизмат қилади.
Ҳарбий хизматчи ҳамиша одамлар кўз ўнгида, - дейди I даражали сержант М.Ботиров. Кўпчилик унга ҳавас билан боқади. Бу, ўз ўрнида, кишига улкан масъулият юклайди. Зиммамдаги бу масъулиятни доимо ҳис қилиб тураман.
М.Ботиров ўзининг кўп йиллик фидокорона хизматлари учун - Ватан ҳимоячилари куни арафасида Президентимиз фармонига кўра, «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланди.
Борис Клейман, «На посту» мухбири. Андижон вилояти.