28 сентябрь 2021 6729

Миннатдорчилик сўзлари янада яхшироқ хизмат қилишга ундайди

Ижтимоий тармоқларда қолдирилган миннатдорчилик сўзларини ўқиш инсонни қувонтиради. Шу каби постлардан бири «Фаcэбоок» ижтимоий тармоғида Александра Каплина исмли фойдаланувчи номидан қолдирилди. Фойдаланувчи ўз хизмат вазифаларини аъло даражада адо этган Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув хизмати ходимларига чин қалбдан миннатдорчилик билдирди.

Жорий йилнинг 19 август куни соат 20:30 да Александра Каплина Тошкентнинг Чилонзор туманидаги дўконлардан бирида бўлган. Маҳсулотларни кўздан кечириб чиқаётганида нотаниш киши Александранинг сумкасидан ҳамёнини ўғирлаб кетган. Керакли маҳсулотларни олгач, Александра дўкон кассасига яқинлашганида, ичида 900000 сўм пул ва «Узcард» ҳамда «Виса» карталари бўлган ҳамёни йўқлигини пайқаган. Шундан сўнг у «Фаcэбоок»даги саҳифасида ҳодиса ҳақида ёзиб, фуқароларни огоҳликка чақирган. Кўплаб фуқаролар унга «Тошкент шаҳар ИИББ/Аҳоли билан мулоқот» гуруҳига мурожаат қилишни тавсия этган.

Шу билан бирга Александра Чилонзор тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига ариза билан мурожаат қилди. Ушбу ариза жиноят қидирув хизмати ходимларига етказилгач, улар воқеа жойига йўл олишди. Ходимлар тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда камералар ёрдамида гумонланувчининг йўналишини аниқлашга ҳаракат қилишди. Тегишли чоралар кўрилгач, гумонланувчи - 48 ёшли Фарҳод А. эканлиги маълум бўлди.

Остонасида ички ишлар органларини кўрган гумонланувчи ҳайратланиб, аввалига айбини бўйнига олмади. Аммо тўпланган ҳужжатлар тақдим этилгач, қилмишига иқрор бўлди.

Мазкур факт бўйича тўпланган ҳужжатлар Чилонзор тумани ИИО ФМБ тергов бўлимига йўналтирилди. Жиноят қисқа муддатда фош этилгани Александрани хурсанд қилди. Кўпчилик «бу ходимларнинг вазифаси, уларнинг танлови» дейиши мумкин. Аммо тан олиш керакки, иш куни қай тарзда якун топишини билмасдан ҳаётини хавф остига қўядиган ички ишлар органлари ходимларининг фаолиятлари таҳсинга сазовордир.

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати

 

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага